Байден Зеленскийни янглишиб Путин деб чақирди (видео)
Олам
−
12 Июль
10626АҚШ етакчиси Жо Байден кеча, 11 июль куни Вашингтондаги НАТО саммити пайтида Украина Президенти Владимир Зеленскийни таништираётганда янглишиб Президент Путин деб чақирди. Бу ҳақда “The Hill” хабар берди.
“Энди мен сўз навбатини катта жасоратга эга бўлган, қатъиятли Украина Президентига топширмоқчиман. Хонимлар ва жаноблар, Президент Путин”, деган Байден.
Шундан сўнг, хатосини тушуниб етган Жо Байден “у Президент Путинни мағлуб этади, Президент Зеленский”, дея сўзини тўғрилаган.
Украина Президенти эса “мен яхшироқман” дея минбарга яқинлашган. АҚШ Президенти ҳам, ўз навбатида “ҳа, сиз анча яхшироқсиз”, дея жавоб қайтарган.
“Байденнинг катта тадбирда адашиши, ҳаттоки, муносабатлари кескинлашган давлатлар раҳбарларининг исмини адаштириб юборгани ОАВнинг катта эътиборини тортди. Чунки у жорий йилнинг июнь ойидаги ҳалокатли дебатлардан сўнг, ноябрь ойида баъзи демократларнинг партиядан номзод сифатида четга чиқиш ҳақидаги чақириқларини рад этаётганди. Энди эса вазият қийинлашиши мумкин”, дея ёзган нашр.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ муваффақиятсиз дебатдан сўнг Байден тиббий кўрикдан ўтганди. Шунингдек, Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер Байденда Паркинсон касаллиги мавжуд эмаслиги ҳамда ушбу хасталик билан олдин ҳам оғримаганлигини айтиб чиққанди.