Байден Паркинсон касаллигига чалинмаган – Оқ уй

Олам

image

АҚШ Президенти Жо Байденда Паркинсон касаллиги мавжуд эмас ва ушбу хасталик билан олдин ҳам оғримаган. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер маълум қилди.

“Президент Паркинсон касаллиги билан даволанмаяпти ва бу бўйича ҳеч қандай дори-дармон қабул қилмаяпти. Аниқроғи, Байден Паркинсонга умуман чалинмаган”, дея жавоб берган Жан-Пьер.

Бироқ Оқ уй матбуот котиби Байденнинг йиллик тиббий кўриклар доирасида уч марта неврологга ташриф буюрганини таъкидлади.

Аввалроқ “The New York Post” нашри Оқ уйга ташриф буюрувчиларга таяниб, АҚШ Президентининг даволовчи шифокори Кевин О'Коннор 2024 йилнинг январь ойида Паркинсон касаллигига ихтисослашган невролог Кевин Канард билан учрашгани ҳақида хабар берган эди. “The New York Times” нашрининг ёзишича, Канард 2023 йилнинг ёзидан 2024 йилнинг баҳоригача Оқ уйга саккиз марта ташриф буюрган.

Маълумот учун, Паркинсон касаллиги – марказий нерв системасининг сурункали касаллиги. Инглиз шифокори Жеймс Паркинсон 1817 йилда таърифлаб берган ушбу касалликда мускуллар таранглашади, юз ҳаракатсиз бўлиб, қотиб қолади. Бемор майда қадам ташлаб юради, ҳаракатлари чекланади, ҳатто кийиниш, тугмаларни қадашда қийналади. Титроқ фалаж кўпроқ қўл панжаларидан бошланади. Беморнинг боши, оёқлари ҳам титрайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Жо Байден Оқ уйда демократ губернаторлар билан ёпиқ учрашувда Американинг собиқ етакчиси Дональд Трамп билан теледебатдаги муваффақиятсиз чиқишидан сўнг тиббий кўрикдан ўтганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, бу ҳеч қандай жиддий текширувларни ўз ичига олмаган қисқа тиббий кўрик бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Жо Байден тиббий кўрик Паркинсон касаллиги Карин Жан-Пьер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг