Байден Соросни ҳам “Озодлик” медали билан мукофотлади
Олам
−
04 Январь
3054АҚШ Президенти Жо Байден Жорж Сорос, футболчи Лионел Месси ва сиёсатчи Ҳиллари Клинтон ҳамда яна 16 кишига "Озодлик" медалларини топширади. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.
Байден ўн тўққиз кишини Президентнинг "Озодлик" медали билан тақдирланишини айтди ва уларни Америка ва дунёни яхшироқ жойга айлантирган буюк етакчилар деб атади.
Мукофотлар бугун, 4 январь куни Оқ уйда топширилади. Қуйидаги шахслар Президентнинг “Озодлик” медали билан тақдирланади:
- Ҳиллари Клинтон, 2009–2013 йилларда АҚШ Давлат департаменти раҳбари, собиқ АҚШ президенти Билл Клинтоннинг рафиқаси ва 2016 йилги сайловларда Демократик партиядан АҚШ президентлигига номзод;
- Жорж Сорос, миллиардер, хайриячи;
- Боно (Пол Дэвид Хьюсон), мусиқачи, U2 гуруҳи солисти;
- Майкл Ж. Фокс, “Келажакка қайтиш” трилогиясидаги Марти Макфлай роли билан машҳур актёр;
- Дензел Вашингтон, актёр, иккита Оскар мукофоти совриндори;
- Жорж Стивенс, продюсер, ёзувчи, сценарий муаллифи, Америка кино институти асосчиси;
- Лионел Месси, аргентиналик футболчи;
- Ирвин "Мэжик" Джонсон, америкалик профессионал баскетболчи, "Лос-Анжелес Лейкерс" юлдузи;
- Ральф Лаурен, машҳур кутюре;
- Анна Винтур, журналист, 1988 йилдан бери "Vogue" журналининг Америка нашри бош муҳаррири;
- Тим Гилл, тадбиркор;
- Жейн Гудалл, приматолог, этолог ва антрополог, шимпанзелар ҳақидаги тадқиқотлари билан машҳур;
- Билл Най; муҳандис, актёр ва телебошловчи;
- Хосе Андрэс; АҚШда тапасни оммалаштирган ошпазлик мутахассиси ва реставратор;
- Дэвид Рубенштейн, миллиардер, The Carlyle Group асосчиларидан бири.
Шунингдек, қуйидагиларга медаль вафотидан кейин берилади:
- Президент Жон Кеннедининг 1968 йилда сайлов кампанияси пайтида ўлдирилган укаси Роберт Кеннеди.
- Мичиган штатининг собиқ губернатори ва АҚШ уй-жой ва шаҳарсозлик вазири Жорж Ромни.
- 2015 йилдан 2017 йилгача АҚШ мудофаа вазири лавозимида ишлаган Пентагоннинг собиқ раҳбари Эштон Картер
- Америкалик сайловчи ва аёллар ҳуқуқлари фаоли Фанни Лоу Ҳамер.
Оқ уй баёнотида мукофотланаётган шахсларнинг ҳар бирига тариф берилган. Хусусан, Жорж Сорос инвестор, хайриячи ва "Очиқ Жамият Жамғармалари" асосчиси сифатида қайд этилган.
"120 дан ортиқ мамлакатлардаги фондлари, ҳамкорлари ва лойиҳалари тармоғи орқали Сорос асосий эътиборини демократия, инсон ҳуқуқлари, таълим ва ижтимоий адолатни мустаҳкамловчи глобал ташаббусларга қаратган", дейилади Оқ уй баёнотида.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Сороснинг фаолияти ижобий баҳолардан ташқари танқидга ҳам сабаб бўлган. Буюк Британияда у узоқ вақт давомида Англия банкини "бузган" одам сифатида танилган. Америкалик иқтисодчи Пол Кругман 1996 йилда "Сорос" атамасини "фойда ва завқ" учун валюта инқирозларини қўзғатувчи йирик чайқовчиларга нисбатан ишлатган.
Дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги ўта ўнг сиёсатчилар Жорж Соросни "глобал яҳудий фитнаси"нинг марказий фигураси деб даъво қилади. Масалан, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Сорос "яҳудий фитнаси"нинг ўзаги эканини, унинг мақсади Туркия ва бошқа давлатларни бўлиб, парчалаш эканини айтган. Италияда Сорос мамлакатни муҳожирлар билан тўлдирмоқчи бўлганликда айбланган. Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг даъво қилишича, Сороснинг Венгрияни муҳожирлар билан тўлдириш ва халқни йўқ қилиш учун яширин режаси бор. 2018 йилда Венгрия парламенти “Соросни тўхтатиш” қонун лойиҳасини қабул қилди, унга кўра, муҳожирларга ёрдам кўрсатувчи ҳар қандай ташкилотдан 25 фоизлик солиқ ундирилади. Тадбиркор томонидан асос солинган Марказий Европа университети фаолиятининг катта қисмини Будапештдан Венага кўчиришга мажбур бўлди.
Маълумот учун, Президентнинг "Озодлик" медали – Америка Қўшма Штатларининг фаровонлиги, қадриятлари ёки хавфсизлиги, дунё тинчлиги ёки бошқа муҳим ижтимоий, жамоат ёки шахсий саъй-ҳаракатларга намунали ҳисса қўшган шахсларга топшириладиган энг олий фуқаролик мукофотидир.
Дастлаб Гарри Трумен томонидан яратилган ушбу мукофот оддийгина "Озодлик медали" деб номланган ва Иккинчи Жаҳон уруши даврида ўзини намоён қилган шахслар учун мўлжалланган эди. Бироқ, 1963 йилда президент Жон Кеннеди мукофот номини ўзгартирди ва мукофотланганлар доирасини кенгайтирди. Ўшандан бери мукофот 651 кишига (Эллсуорт Бункер ва Колин Пауэллга икки марта) ва Аполлон 13 космик кемаси экипажига умумий битта топширилди. Президентлик медалларини энг кўп Барак Обама (118 та), энг кам эса Доналд Трамп (24) топширган.
LiveБарчаси