АҚШ Украинанинг барча ресурслари устидан назоратни ўз қўлига олмоқчи
Олам
−
28 Март
293023 март куни Киев томонидан қабул қилинган АҚШ ва Украина ўртасидаги фойдали қазилмалар бўйича янги келишув лойиҳаси Вашингтондан Украинанинг минерал ресурслари ва энергетика активлари устидан назоратни ўрнатиш бўйича анча тажовузкор талабларни ўз ичига олади. Бироқ ҳужжатда ҳеч қандай хавфсизлик кафолатлари мавжуд эмас. Бу ҳақда кеча, 27 март куни “Financial Times” газетаси ва “Bloomberg” агентлиги хабар берди.
Иккала оммавий ахборот воситалари ҳам уларнинг таҳририятлари битим лойиҳасини кўриб чиқишга муваффақ бўлганини таъкидламоқда. Қайд этилишича, келишув Украинанинг барча минерал ресурслари, жумладан, нефть ва газ, шунингдек, бутун мамлакат бўйлаб асосий энергетика ресурсларига тааллуқли бўлиши керак.
“Бундан ташқари, битим табиий ресурслардан фойдаланиш билан боғлиқ инфратузилмани, масалан, автомобиль йўллари, темирйўллар, қувурлар, портлар ва қайта ишлаш заводларини қамраб олади”, дея аниқлик киритади FT.
Нашрнинг ёзишича, тегишли лойиҳалардан олинган маблағлар хорижий валютага айлантирилиб, хорижга жўнатилган бўлиши керак, кечикишлар ёки келишмовчиликлар юзага келган тақдирда компенсация учун Украина жавобгар бўлади.
Украинанинг нефть, газ ва фойдали қазилмаларни қазиб олиш лойиҳаларидан тушадиган даромадлари махсус сармоя фонди томонидан икки давлат ўртасида тақсимланади.
Шу билан бирга, FT маълумотларига кўра, АҚШ унга ўтказилган фойдани биринчи бўлиб олади ва инфратузилма лойиҳаларига устувор ҳуқуқларни, шунингдек, ресурсларни учинчи шахсларга сотишга вето қўйиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
“Bloomberg”нинг аниқлик киритишича, келишув лойиҳасига кўра, инвестиция фонди Америка тараққиёт молия корпорацияси (DFC) томонидан назорат қилиниши керак. У директорлар кенгашининг беш аъзосидан учтасини тайинлайди ва “олтин улуш” билан муайян қарорларни блокировка қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
“Украина яна икки бошқарув аъзосини тайинлайди ва фонднинг кундалик бошқарувига аралаша олмайди”, деб таъкидлайди муаллифлар.
Киев янги инфратузилма лойиҳалари ва табиий ресурсларни ўзлаштириш лойиҳаларидан тушган даромаднинг 50 фоизини фондга ўтказиши керак. Шу билан бирга, “Россиянинг 2022 йилда Украинага кенг кўламли бостириб киришидан кейин Қўшма Штатларнинг ҳиссаси” “шерикликка ҳисса” сифатида қаралади.
“Bloomberg” битим лойиҳасининг мазмуни ҳақида қуйидагича ёзади:
“АҚШ барча фойда ва инвестициялари қопланмагунча йиллик 4% фойда олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу аслида Трамп маъмурияти Украинани АҚШ уруш бошланганидан бери Киев ҳамкорлик фондидан даромад олгунча кўрсатган барча ҳарбий ва иқтисодий кўмак учун тўлашга мажбур қилишини англатади”.
Қайд этилишича, вақт чегараси бўлмаган келишув Киевга АҚШнинг “стратегик рақобатчилари” деб топилган мамлакатларга муҳим минералларни сотишни ҳам тақиқлайди.
“Агар ҳамкорлик шартномаси қабул қилинса, Қўшма Штатлар Украинадаги автомобиль ва темирйўллар, портлар, конлар, нефть ва газ қазиб олиш, муҳим фойдали қазилмалар каби лойиҳаларга киритилаётган сармояларни назорат қилиш бўйича кенг ваколатларга эга бўлади”, дейилади мақолада.
Агентликка кўра, бу Украина “Европа Иттифоқига яқинлашишга ҳаракат қилаётган” бир пайтда “АҚШнинг иқтисодий таъсирининг мисли кўрилмаган даражада кенгайиши”ни англатади.
Ўз навбатида, FT газетаси ўз номини ошкор этмаган Украина юқори мартабали амалдорларга таяниб, АҚШнинг янги таклифи “Украинанинг суверенитетига путур етказиши, фойданинг хорижга чиқиб кетишига олиб келиши ва Киевнинг Вашингтонга қарамлигини ошириши мумкин”лигини ёзди.
Кеча, 27 март куни Парижда бўлиб ўтган “кўнгиллилар коалицияси”, яъни Украинага барқарор ва адолатли тинчликка эришиш учун ҳарбий, молиявий ва энергетик ёрдамни ошириш ниятида бўлган давлатлар саммитида қатнашган Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ таклифлари “батафсил ўрганишни талаб қилишини” айтди.
LiveБарчаси