“Bloomberg”нинг собиқ менежери оиласи билан ўз уйида ўлик ҳолда топилди
Олам
−
01 Апрель 2025 8733 2 дақиқа
АҚШнинг жануби-шарқий қисмида – Жанубий Каролина штатидаги ҳашаматли ҳовлида “Bloomberg” ахборот агентлининг собиқ менежери, унинг рафиқаси ва кичик қизининг жасадлари топилди. Бу ҳақда “New York Post” нашри хабар берди.
Нашрнинг маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органларига асосланиб ёзишича, полицияга оиланинг қўшниларидан бири мурожаат қилган. Воқеа жойига етиб келган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 54 ёшли Ричард Самарела, унинг 45 ёшли турмуш ўртоғи Лина Мария Самарела ва 9 ёшли қизининг жасадини топган.

Полиция ҳозирча оила аъзоларининг ўлимига нима сабаб бўлганини ошкор қилмаган, фақат жамоатчиликка ҳеч қандай таҳдид йўқлигини маълум қилган. Нашрнинг қайд этишича, бу бахтсиз ҳодиса оқибатида содир бўлганми ёки жиноят характерига эгами, ҳозирча номаълум. Мавжуд маълумотларга кўра, эр-хотиннинг яна бир қизи ва кичик ўғли бор бўлиб, улар воқеа пайтида мактабда бўлган ва жабрланмаган. Самарелалар жуфтлиги 2009 йилда турмуш қурган.
Нашрга кўра, Ричард Самарела илгари Bloomberg L.P. компаниясида инвестиция менежери, унинг рафиқаси эса АҚШ Ветеранлар ишлари департаментида ишлаган.
Маълум қилинишича, бу оила бой бўлган ва улар истиқомат қилган уй нархи 800 минг доллар атрофида баҳоланади.
Маълумот ўрнида, Bloomberg L.P. дунёнинг етакчи ахборот агентликларидан бири бўлиб, молиявий ахборот бозорининг 33 фоиз улушига эга. Компаниянинг 126 та офисида 100 мингдан ортиқ ходим ишлайди. Бундан ташқари, “Bloomberg” ахборот терминаллари, янгилик агентлиги, телевидение, радио, шунингдек, турли тадбирлар ўтказиш билан шуғулланади. Компаниянинг йиллик даромади 12 миллиард долларга баҳоланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ машҳур америкалик Голливуд актёри Жин Хэкмен ва унинг рафиқаси, пианист Бетси Аракава ўз уйларида ўлик ҳолда топилгани хабар қилинган эди. Кейинчалик улар табиий сабабларга кўра вафот этгани маълум бўлди.
Live
Барчаси