Трамп маъмурияти айрим шахсларга грин-карта беришни тўхтатди
Олам
−
27 Март
6962АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти муҳожирларни янада қатъий текширишга қаратилган кенгроқ ҳаракат доирасида баъзи шахслар, жумладан, расмий тасдиқланган қочқинлар томонидан топширилган грин-карта аризаларини кўриб чиқишни яширинча тўхтатди. Бу ҳақда ушбу масаладан хабардор бир нечта манбалар CBS News’га маълум қилган.
Манбаларга кўра, АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизмати (USCIS) яқинда қочқин ёки бошпана изловчи мақомини олган муҳожирлар томонидан топширилган қонуний доимий резидентлик аризаларини кўриб чиқишни тўхтатиш бўйича расмийларга кўрсатма берган. Мазкур чора жамоатчиликка расман эълон қилинмагани сабабли, бу ҳақда аноним тарзда хабар берилган.
Бу ҳаракат ҳозирча ўз ватанида таъқибга учраши мумкинлигини исботлаб, АҚШдан бошпана олган муҳожирларни ҳуқуқий жиҳатдан мавҳум вазиятда қолдиради.
Қочқинлар АҚШга келишдан олдин узоқ йиллар давом этадиган хавфсизлик текширувлари, тиббий кўрик ва интервью жараёнларидан ўтади. Бошпана сўраган шахслар эса АҚШ ҳудудида бўлиб, иммиграция судьялари ёки уларга масъул ходимлар томонидан ҳимоя ҳуқуқига эга бўлган шахслар ҳисобланади. Ҳар иккала гуруҳ ҳам сиёсий қарашлари, ирқи ёки дини туфайли таъқибга учраш эҳтимоли мавжудлигини исботлаши керак.
“Трамп маъмурияти ушбу қонунчилик асосида қабул қилинган дастурларни нишонга олди, қочқинларни қабул қилиш жараёнини тўхтатди ва АҚШ-Мексика чегарасида бошпана тизимини ёпди. Ҳозирда бу фармонлар федерал судларда кўриб чиқилмоқда”, дейилади хабарда.
АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги (DHS) CBS News нинг хабарларини тасдиқлаб, грин-картааризаларини кўриб чиқишни тўхтатиш Трамп томонидан чиқарилган иккита фармонни бажариш учун зарур эканини билдирган. Бу фармонлардан бири Байден маъмуриятининг иммиграция текширув жараёнларини шубҳа остига қўйганди.
“USCIS айрим мақомни ўзгартириш (Adjustment of Status) аризаларини якуний кўриб чиқишни вақтинча тўхтатмоқда. Бу Трамп фармонларига мувофиқ қўшимча текширув ва назорат жараёнларини амалга ошириш, потенциал фирибгарлик, жамоат хавфсизлиги ёки миллий хавфсизлик таҳдидларини аниқлаш учун амалга оширилмоқда”, дейилади DHS баёнотида.
“Мақомни ўзгартириш” – бу АҚШда грин-картаолиш жараёнининг расмий номи.
Расмийлар келтирган Президент фармонларидан бирида Трамп федерал агентликларга АҚШга киришни истаган, кирган ёки аллақачон мамлакат ичида бўлган барча муҳожирларни имкон қадар қатъий назорат қилишни буюрган.
Расмийлар ҳавола қилган бошқа фармон эса Давлат департаментига Мексика картеллари ва Трен де Арагуа каби жиноий гуруҳларни хорижий террористик ташкилот сифатида белгилашга йўл очиб берган.
Баъзи грин-картааризаларини тўхтатиш Трамп маъмуриятининг иммиграция жараёнларини чеклаш, қаттиқлаштириш ва баъзи ҳолларда миллий хавфсизлик ҳамда фирибгарлик хавотирларига асосланиб, қонуний иммиграция жараёнларини бутунлай тўхтатиш йўлидаги сўнгги ҳаракати бўлган.
Ўтган ой маъмурият Лотин Америкаси ва Украинадан АҚШга Байден даврида қабул қилинган гуманитар пароль дастури асосида келган муҳожирларнинг барча иммиграция аризаларини тўхтатган.
Ўтган ҳафта эса маъмурият Куба, Гаити, Никарагуа ва Венесуэладан келган ярим миллиондан ортиқ муҳожирларга 30 кун ичида ўз ихтиёри билан АҚШни тарк этиш ёки ҳибсга олиниб депортация қилиниш таҳдиди остида қолишини маълум қилган. Трамп маъмурияти Байден даврида ушбу муҳожирлар “юзаки текширилган” ва уларнинг қабул қилиниш жараёни фирибгарликка учраганини таъкидламоқда.
Шунингдек, Трамп маъмурияти қонуний мақом олиш учун ариза топширган муҳожирларнинг, жумладан, АҚШ фуқаролиги, грин-картава бошпана сўраганларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаоллигини янада қатъий текшириш ва назорат қилиш режасини эълон қилган.
USCIS баёнотида айтилишича, муҳожирларнинг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларини текшириш “кучайтирилган шахсни идентификациялаш, текширув ва миллий хавфсизлик назорати” учун зарур.
Ҳозиргача иммиграция агентлиги баъзи иммиграция имтиёзлари учун ариза топширган муҳожирларнинг ижтимоий тармоқ маълумотларини кўриб чиққан. Бироқ янги режа доирасида барча мурожаат қилувчилар ўз ижтимоий тармоқ аккаунтларини ҳукуматга тақдим этиши шарт бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Савдо вазири Говард Лутник бир кун ичида 1 000 та “олтин карта” сотилганини ва бу орқали ҳукумат 5 миллиард доллар даромад қилганини маълум қилган эди. Ҳар бири 5 миллион доллар турадиган “олтин карта” хорижликларга АҚШда доимий яшаш ҳуқуқини беради. Ушбу карта оддий грин-картанинг қимматроқ муқобили сифатида таклиф қилинмоқда.
LiveБарчаси