Байден Хиллари Клинтонни янги лавозимга тайинламоқчи
Олам
−
13 Ноябрь 2020
11725АҚШнинг сайланган Президенти Жо Байден жамоаси мамлакатнинг собиқ давлат котиби Хиллари Клинтонни АҚШнинг БМТдаги доимий вакили этиб тайинлаш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда "The Washington Post" хабар берган.
Манбага кўра, Байден Клинтонни БМТнинг доимий вакили этиб тайинлаш орқали ушбу лавозимнинг ўз маъмуриятидаги аҳамиятини таъкидламоқчи.
Маълумот учун, Клинтон 2016 йилги президентлик сайловларида Демократлар партиясидан номзод бўлган ва Трампга ютқазган.
Бундан ташқари, Байден сайлов штабининг собиқ раҳбари Стив Ричетти, Делавэр штатининг собиқ сенатори Тед Кауфман ва миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчи Том Донилонни катта маслаҳатчилар этиб тайинлаш ҳақида ўйламоқда.
Шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазири лавозимига қизиқиш билдирган Демократик партиядан АҚШ Конгресси сайлов комиссиясининг раиси Чери Бустосни ушбу лавозимга тайинлаш масаласи ҳам муҳокама қилинган.
Аввалроқ, АҚШнинг Вермонт штатидан сенатор Берни Сандерс демократ Жозеф Байденнинг маъмуриятида Меҳнат вазири бўлишга тайёр эканлигини билдирганди.
Маълумот учун, АҚШда 3 ноябрь куни президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Давлат раҳбари лавозимига демократ Жо Байден ва амалдаги Президент, республикачи Дональд Трамп даъвогарлик қилди.
7 ноябрь куни Американинг етакчи оммавий ахборот воситалари ABC News, CNN, AP ва NBC сайловларда демократ Жо Байден ғалаба қозонганини эълон қилди. Натижалар ҳали расман эълон қилинмаган.
LiveБарчаси