Президентликка даъвогар бўлган сенатор Байден маъмуриятида ишлаши мумкин
Олам
−
12 Ноябрь 2020
4312АҚШнинг Вермонт штатидан сенатор Берни Сандерс демократ Жозеф Байденнинг маъмуриятида Меҳнат вазири бўлишга тайёр эканлигини билдирди. Сандерс кеча, 11 ноябрь куни СNN эфирида сўзга чиққанида, агар унга шундай таклиф берилса, албатта, рози бўлишини маълум қилган.
"Мен бу мамлакатда таҳдид остида бўлган оилаларни ҳимоя қилиш учун қўлимдан келганича ҳаракат қилмоқчиман. Сенатда ёки Байденнинг маъмуриятида бўлишимнинг эса фарқи йўқ. Келинг, бундан кейин нима бўлишини кўрайлик", деган Сандерс.
Маълумот ўрнида, Сандерс Байден билан бирга Демократик партиядан АҚШ президентлигига номзодини кўрсатиш учун ариза топширган. 8 апрелда эса у сайловлар пойгасидан чиқиб кетган.
Шундан сўнг Байден демократлардан президентликка асосий даъвогар бўлиб қолган. Сандерс эса унинг номзодини қўллаб-қувватлаган.
Аввалроқ, "Politico" газетаси демократ Байден маъмуриятида федерал идораларни бошқариши кутилаётган сиёсатчилар рўйхатини эълон қилган. Нашр, хусусан, Сандерс Меҳнат вазири лавозимини эгаллаши мумкинлигини очиқлаган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг сайланган Президенти Жо Байден кеча, 11 ноябрь куни Рон Клайнни Оқ уй аппарати раҳбари этиб тайинлаганди. Рон Клайн Байденнинг собиқ маслаҳатчиси бўлган.
Маълумот учун, АҚШда 3 ноябрь куни президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Давлат раҳбари лавозимига демократ Жо Байден ва амалдаги Президент, республикачи Дональд Трамп даъвогарлик қилди.
7 ноябрь куни Американинг етакчи оммавий ахборот воситалари ABC News, CNN, AP ва NBC сайловларда демократ Жо Байден ғалаба қозонганини эълон қилди. Натижалар ҳали расман эълон қилинмаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь