Байден Ғазода ўт очишни тўхтатиш шартини айтди

Олам

image

Америка Қўшма Штатлари Президенти Жо Байден, агар ҲАМАС ўзи ушлаб турган исроилликларни озод қилса, Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга "эртагаёқ" эришиш мумкинлигини айтди. Бу ҳақда у кеча, 11 май куни Вашингтон штатида ўзининг сайловолди кампанияси доирасидаги тадбирда сўз очди.

“The Washington Post” газетасининг ёзишича, Америка раҳбарияти Исроилга Ғазо сектори ва Миср чегарасида жойлашган Рафаҳ шаҳридаги кенг кўламли ҳужумдан воз кечишни таклиф қилган. Бунинг эвазига АҚШ исроилликларга ҲАМАС ҳаракати етакчиларини топишда ёрдам таклиф қилди. Бундан ташқари, улар Ғазо сектори остидаги ҲАМАСга тегишли туннелларнинг схемаларини тақдим этишга ваъда берди.

Газетанинг манбаларига кўра, Америка Қўшма Штатлари ҳукумати Исроил армиясининг Рафаҳдаги операциясини давом эттиришига йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда, бу ерда бугунги кунда турли ҳисоб-китобларга кўра, бир миллиондан ортиқ фаластинлик қочқинлар бор.

Қайд этиш жоизки, Исроилнинг Рафаҳдаги ҳарбий амалиёти кўплаб мамлакатларда салбий муносабатга сабаб бўлмоқда. АҚШ Президенти Жо Байден Исроил бу шаҳарда кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошласа, Америка ҳарбий ёрдамини тўхтатиш билан таҳдид қилди. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Рафаҳда Ғазо секторидаги жанглардан қочган бир миллиондан ортиқ тинч аҳоли истиқомат қилади ва агар кенг кўламли жанглар бўлса, уларнинг ҳаёти хавф остида қолади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху исроилликлар керак бўлса якка ўзи жанг қилишга тайёрлигини билдирганди. Исроил ҳарбий Вазирлар Маҳкамаси эса 9 май оқшомида Рафаҳ шаҳридаги амалиётни кенгайтиришга қарор қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Исроил Жо Байден Ғазо ҲАМАС Рафаҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг