Байден арман геноциди масаласида Эрдўғанни огоҳлантирди
Олам
−
24 Апрель 2021
9610АҚШ Президенти Жо Байден кеча, 23 апрель куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан телефон орқали суҳбат ўтказди. Бу ҳақда "Bloomberg" хабар берган.
Суҳбат давомида Байден ХХ аср бошларида Усмонли империясида арманларнинг қирғин қилинишини геноцид деб тан олишини маълум қилган. Байден бугун, 24 апрель куни бу масала бўйича баёнот бериши кутилмоқда.
Маълумки, ҳар йили ушбу санада Арманистонда арман геноциди қурбонларини хотирлаш куни нишонланади.
Қайд этилишича, Америка раҳбари Усмонли империясида 1915 йил содир бўлган воқеалар ҳақидаги нутқи пайтида “геноцид” сўзини ишлатиши кутилмоқда.
Оқ Уй матбуот хизматига кўра, телефон орқали суҳбат чоғида Байден ва Эрдўған июнь ойида бўлиб ўтадиган НАТО саммити доирасида икки томонлама учрашув ўтказишга ҳам келишиб олган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Жо Байден XX аср бошларида Усмонли империясида арманларнинг қирғин қилинишини расман тан олмоқчи экани ҳақида хабар берилган эди.
Ундан сўнг, Арманистон Президенти Армен Саркисян Байденни янги геноцидларнинг олдини олишга содиқлигини тасдиқлашга чақириб, унга мактуб йўллаганди.
Туркия Президенти Эрдўған эса Туркия арман геноциди тўғрисида ёлғон гапираётганлардан ҳақиқатни ҳимоя қилишини айтди.
Маълумот ўрнида, 2019 йил 12 декабрда АҚШ Конгресси Сенати арман геноцидини расман тан олиш ва хотирлаш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилган. Усмонли империясида арманларни қирғин қилиш фактини 23 та давлат тан олган. Туркия анъанавий равишда тегишли айбловларни рад этиб келади.
1915 йил 24 апрель куни арман геноцидининг бошланиш санаси ҳамда шу куни Истанбулдаги арман элитаси вакиллари қўлга олингани ва ўлдирилгани таъкидланади. Кейинги ойларда эса бу қирғин Ғарбий Арманистонда давом этиб, 1915 йилнинг июнь ойида якунлангани қайд этилган. Тарихий маълумотларга кўра, 1915-1923 йилларда 1,5 млн арман ўлдирилган.
LiveБарчаси