Садоқатингизни тасдиқланг – Арманистон Президенти Байденга мактуб йўллади

Олам 6508
image
-

Арманистон Президенти Армен Саркисян АҚШ Президенти Жо Байденга мактуб йўллади. Саркисян Байденни янги геноцидларнинг олдини олишга содиқлигини тасдиқлашга чақирмоқда. Бу ҳақда Арманистон раҳбарининг расмий сайти хабар берди.  

Мактубда таъкидланишича, Арманистон АҚШ Конгрессининг арман халқи геноцидини тан олиш тўғрисидаги қарорини мамнуният билан қарши олади. 

Саркисянга кўра, арман геноцидини тан олиш инсониятга қарши жиноятни тан олиш демакдир. 

Президент янги геноцидларга йўл қўймаслик учун тан олиш ва қоралаш каби усуллардан фойдаланиш зарурлигини таъкидлаган. 

"Тарихий адолатни тарғиб қилиш ва янги қирғинларнинг олдини олиш борасидаги садоқатингизни тасдиқлайсиз деган умиддамиз", дея ёзган Саркисян Байденга мурожаатида. 

Маълум бўлишича, 24 апрель куни 1915 йил воқеаларига 106 йил тўлиши арафасида Арманистон Президенти 20 дан ортиқ мамлакат ва халқаро ташкилотлар раҳбарларига мактублар юборган. 

Аввалроқ, АҚШ Президенти Жо Байден XX аср бошларида Усмонли империясида арманларнинг ўлдирилишини қирғин сифатида расман тан олишга тайёрлиги ҳақида хабар берган эдик.  

Маълумки, АҚШнинг аввалги Президенти Дональд Трамп 1915 йил воқеаларини арман геноциди деб тан олишдан бош тортган, чунки у Туркия билан муносабатлар ёмонлашишидан қўрқарди.

Маълумот ўрнида, 2019 йил 12 декабрда АҚШ Конгресси Сенати арман геноцидини расман тан олиш ва хотирлаш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилган. Усмонли империясида арманларни қирғин қилиш фактини 23 та давлат тан олган. Туркия анъанавий равишда тегишли айбловларни рад этиб келади. 

1915 йил 24 апрель куни арман геноцидининг бошланиш санаси ҳамда шу куни Истанбулдаги арман элитаси вакиллари қўлга олингани ва ўлдирилгани таъкидланади. Кейинги ойларда эса бу қирғин Ғарбий Арманистонда давом этиб, 1915 йилнинг июнь ойида якунлангани қайд этилган. Тарихий маълумотларга кўра, 1915-1923 йилларда 1,5 млн арман ўлдирилган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 219
Рейтинг: 3
t
×