Байден АҚШ тарихидаги энг узоқ муддатли уруш қачон тугашини маълум қилди
Олам
−
09 Июль 2021
7323Охирги америкалик аскарлар Афғонистонни тарк этгач, АҚШ ўз тарихидаги энг узоқ муддатли урушни тугатади. Бу ҳақда АҚШ Президенти Жо Байден Оқ уйда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар бермоқда “Bloomberg”.
“Мен бирор натижага эришиш мумкинлиги ҳақида оқилона умид қилмагунимча америкаликларнинг яна бир бошқа авлодини Афғонистондаги урушга жўнатмайман. Америка Қўшма Штатлари дунёда яратилган сиёсат билан 20 йил олдинги каби алоқада бўлиб туришига йўл қўйилмайди”, деган у.
Байденга кўра, АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий миссияси жорий йилнинг 31 августида тугайди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ жорий йилнинг май ойидан ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқа бошлади. Хабарларга кўра, расмий Вашингтон шу вақтга қадар 90 фоиз ҳарбий контингентини олиб чиққан. Режага кўра, Америка Афғонистонни тарк этиш жараёнини жорий йилнинг 11 сентябрига қадар якунламоқчи эди. Италия ва Германия эса Афғонистонни бутунлай тарк этишга улгурган.
Қайд этиш керакки, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилишини Вашингтоннинг “миссия муваффақиятсизлигини” тан олиши, деб ҳисоблашини маълум қилган.
Маълумот ўрнида, АҚШ ва унинг бошчилигидаги ҳарбий иттифоқ — НАТО кучлари 2001 йилнинг октябрь ойида Афғонистонга қўшин киритганди. Бунга 2001 йилнинг 11 сентябрида Америкада амалга оширилган террорчилик ҳаракатлари сабаб бўлган.