Сурияликлар воз кeчган Асаддан энди хотини ҳам юз ўгирмоқчи
Олам
−
21 Декабрь
14909Дамашқдан қочиб, Россиядан қўним топган Башар Асад рафиқаси Асмадан айрилиши мумкин. Чунки Асма Асадга Москвадаги шароитлар ёқмаяпти ва у Лондонга кетиш учун эри билан ажрашмоқчи. Бу ҳақда Асадлар оиласига яқин манбаларга таяниб, CNN Turk хабар берди.
Асма Асад Россия судларига мурожаат қилиб, Москвадан чиқиб кетиш учун махсус рухсат сўраган. Бироқ ариза ҳали кўриб чиқилаётгани айтилмоқда. Аммо журналистларнинг қайд этишича, Башар Асаднинг бошпана сўрови Россияда қабул қилинган бўлса-да, унга нисбатан жиддий чекловлар қўйилган. Асадга Москвани тарк этиши ва ҳар қандай сиёсий фаолият билан шуғулланиши қатъиян ман этилган. Бундан ташқари, Россия расмийлари Башар Асаднинг банк активлари ва молиявий манбаларига кириш ҳуқуқини музлатиб қўйган. Башар Асаднинг укаси Маҳер Асаднинг бошпана сўрови ҳамон кўриб чиқилмаяпти.
Бироқ Россия Президенти Владимир Путин матбуот анжуманида Суриянинг ҳокимиятдан ағдарилган диктатори Башар Асад келганидан бери у билан ҳали учрашмаганини, лекин буни режалаштираётганини айтди.
Аввалроқ, 27 ноябрь куни мухолифат Ҳалабга кутилмаган ҳужум уюштирганида, Башар Асад тўнғич ўғли Ҳофизнинг математика фанлари доктори даражасини олиш маросимида иштирок этиш учун Москвада бўлгани айтилганди.
Лондонда жойлашган “Al-Majalla” нашрининг ёзишича, Суриядаги можаро авж олган бир пайтда Асад ўғлининг докторлик даражасини олиш маросимини ўтказиб юборган ва сўнгги воқеаларни кузатиш учун Москвадаги Four Seasons меҳмонхонасидаги хонасида қолган. 29 ноябрда Ҳалаб мухолифат кучлари томонидан эгалланганда эса Башар Асад самалётда Дамашққа қайтаётган бўлган.
8 декабрь куни Дамашқ қулашидан бир кун олдин Асаднинг матбуот хизмати президент саройида унинг нутқини тайёрлаётган бўлган. Ўша куни Асад расмийларга, жумладан, юқори мартабали дипломатларига вазият назорат остида эканини ва “Россия ёрдами йўлда” эканини айтди. Бироқ 7 декабрь куни кечқурун Россия расмийлари Асадга қўнғироқ қилиб, Дамашқни тарк этишни сўраган. Телефон қўнғироғи “янада қон тўкилишини олдини олиш ва Россиянинг Суриядаги қолган манфаатларини ҳимоя қилиш учун” қилинган.
Хабарда айтилишича, "8 декабрь куни эрталаб Асад бор-йўғи икки киши: президент ишлари вазири Мансур Аъзам ва хавфсизлик бўлими бошлиғи, бригада генерали Муҳсин Муҳаммад билан қочишга муваффақ бўлган. Уларнинг учаласи ҳам Сурия ғарбидаги Россиянинг Хмеймим базасига ва у ердан Москвага учиб кетган.
Журналистларнинг қайд этишича, бу пайтда Асаднинг рафиқаси ва болалари аллақачон Россияда бўлган.
“Financial Times” газетасининг вазиятдан хабардор манбаларга таянган ҳолда хабар беришича, Башар Асаднинг рафиқаси Сурияда режим қулашидан бир неча ҳафта олдин Москвада саратон касаллигининг қайталанишидан даволанишни бошлаган.
Асад Россия пойтахтига келганидан кейин рафиқаси билан учрашган. Унинг онаси ва отаси Фавоз ал-Ахрос ҳам Москвада бўлган. FT маълумотларига кўра, Асадлар билан бирга уларнинг Абу Дабидаги Сорбонна университетида таҳсил олган қизи Зейн Москвада бўлиб турибди.
Асма Асад 49 ёшда. У Лондонда туғилган, икки фуқароликка (Британия ва Сурия) эга. Собиқ биринчи хонимнинг оиласи Суриянинг Хомс шаҳридан. Унинг отаси кардиолог, онаси эса дипломат. Асма Лондон Кингс коллежини тамомлаган. 2000 йилда у Сурияга жўнаб кетган ва у ерда Башар Асад билан турмуш қурган.
Асма Асад Сурияда уруш бошланишидан олдин жуда машҳур эди. Уни "чўл атиргул" деб эътироф этишган ва ҳатто малика Дианага қиёсланган. У замонавий ва илғор аёл сифатида қабул қилинган, аммо Сурияда фуқаролар уруши бошланганидан кейин унинг имижи кескин ўзгарган. Башар Асад тинч аҳолига қарши кимёвий қурол қўллагач, Асма ҳашаматли ҳаёт кечириб, одамларнинг фожиасини яширишни давом эттирган.
2024 йилнинг май ойида Асма Асадга ўткир миелоид лейкемия ташхиси қўйилган. Бунгача, 2018 йил август ойида Суриянинг собиқ биринчи хонимида кўкрак бези саратони эрта босқичда аниқланган ва у Дамашқдаги ҳарбий госпиталда даволанган эди. 2019 йил январь ойида собиқ биринчи хонимдаги ўсимта олиб ташланган. Ўша йилнинг август ойида Асма Асад тузалиб кетганини эълон қилган.