Барселонада 100 мингдан ортиқ киши мустақилликни талаб қилиб митингга чиқди
Олам
−
12 Сентябрь 2023
4042Кеча, 11 сентябрь куни Барселонада Каталония куни (Диад) муносабати билан оммавий намойиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда “El Pais” газетаси хабар берди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари митингда 115 минг иштирокчи қатнашганини айтаётган бўлса, акция ташкилотчилари уларнинг сони 800 минг кишига етганини бидирмоқда. Баҳолашда нега бунчалик катта фарқ келиб чиққани ҳозирча номаълум.
Намойишчилар маршдан сўнг Барселона марказидаги Plaza Espana майдонига тўпланган. Намойиш расман маҳаллий вақт билан 17:14 да бошланган. У минтақанинг Испаниядан ажралиб чиқиши тарафдори бўлган Каталония Миллий Ассамблеяси томонидан ташкил этилган.
Йиғилганларнинг кўпчилиги ўзи билан минтақа мустақиллиги тарафдорларининг рамзи бўлган Каталония ерларининг норасмий байроғини олиб келган.
“11 сентябрь Каталония мустақиллиги йўлидаги янги жараённинг бошланишидир”, деб ишонтирган акция ташкилотчилари.
Испания Бош вазири вазифасини бажарувчи Педро Санчес эса байрам муносабати билан Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида қуйидагича пост қолдирган.
“Каталония тараққиёт, ўзаро тушуниш ва биргаликда яшашнинг янги йўлини очди. Келажакка қараш ва олдинга силжишда давом этиш вақти келди”, деб ёзган Санчес.
Ўз навбатида, мухторият ҳукумати раҳбари Пере Арагонес Диада арафасида Каталония аҳолиси мустақиллик масаласида овоз бериш имкониятига эга бўлишини таъкидлаган. Испания расмийлари минтақанинг қироллик таркибидан чиқиши бўйича референдум ўтказилмаслигини бир неча бор таъкидлаган.
Маълумот учун, ҳар йили 11 сентябрда мустақилликни йўқотиш хотирасига нишонланадиган Каталония миллий куни анъанавий тарзда сиёсий ҳаракатлар ва маҳаллий сиёсатчиларнинг чақириқлари билан ўтади. Бу байрам 1714 йил сентябрь ойининг бошидаги воқеалар билан боғлиқ. Ўшанда Барселона узоқ қамалдан сўнг Бурбонлар сулоласи тарафдорлари қўшинлари ҳужуми остига тушиб, Каталония ниҳоят Испания таркибига кирган.