“Барселона” катта миқдорда кредит олади
Спорт
−
08 Апрель 2023
6562Испаниянинг “Барселона” клуби “Камп Ноу” стадионини таъмирлашга қаратилган “Espai Barsa” лойиҳасининг молиялаштириш масаласини якунлади. Бу ҳақда “El Confidencial” хабар берди.
Мазкур лойиҳа “Камп Ноу” таъмиридан ташқари стадионга туташ ҳудудни модернизация қилиш, янги офислар, музей, клуб дўкони, кафе, савдо маркази ва 3200 автомобилга мўлжалланган автотураргоҳ қуришни ҳам ўз ичига олади.
Бу лойиҳани молиялаштириш учун каталонияликларга 1,5 миллиард евро керак.
Маълум бўлишича, “Барселона” корпоратив облигациялар орқали 1,5 млрд евро эвазига стадион гаровисиз 24 йилга 6 фоиз ставкада кредит олишга рози бўлган.
Қайд этилишича, каталонияликлар 5 йилдан сўнг кредит ставкасини қайта кўриб чиқиш ниятида. Қолаверса, “Барселона” қарзни дастлаб режалаштирилган 2052 йилда эмас, 2047 йилда тўлашни ваъда қилган.
“Барселона”га Американинг Goldman Sachs инвестиция банки кредит ажратади.