“Barbenheimer” ChatGPT'ни ортда қолдирди
Маданият-санъат
−
13 Декабрь 2023
7828Google компанияси бир йилда қидирув тизимида энг кўп қидирилган сўзлар рўйхатини эълон қилди. Бу ҳақда “Euronews” нашри хабар берди.
Унда бутун дунё бўйлаб йилнинг энг шов-шувли фильмларидан бирига айланган ва рекорд даражада пул ишлаган “Barbie” ва “Oppenheimer” фильмлари биринчи ўринни қайд этди. Иккинчи ўринни эса Eurovision эгаллади. Учинчи ўрин эса ChatGPT'га насиб қилди.
Шунингдек, энг шов-шувли бўлган янгиликлар ҳақида гап кетганда, Исроил-ҲАМАС уруши глобал қидирув сўровлари рўйхатида биринчи ўринни эгаллади. Ундан кейин февраль ойида Туркия ва Суриядаги зилзилалар, учинчи ўринда эса “Титаник”ни қидиришга кетиб ўзи ҳам изсиз йўқолган “Титан” сувости кемасининг портлаши ҳақидаги хабарлар турибди.
Энг кўп қидирилган машҳурлар қаторида январь ойида қор тозалаш машинаси авариясидан омон қолганидан машҳур бўлиб кетган одам Жереми Реннер ҳам бор.
Бундан ташқари, қаторда энг кўп қидирилган машҳур ўлимлар ҳам мавжуд. Ушбу категорияда марҳум Метю Перри ва Тина Тёрнер биринчи ўринни эгаллаган.
“Охиргимиз”, “Чоршанба” ва “Жинни ва Жоржия” 2023 йилнинг энг машҳур учта телевизион шоуси бўлди.
Йилнинг энг оммабоп қўшиғи номинацияси эса япон суперюлдузи Ёсобининг “アイドル (Idol)“ қўшиғига насиб қилди. Ундан сўнг америкалик таниқли хонанда Жейсон Алдиннинг “Try that in a small town” қўшиғи ва Шакиранинг аргентиналик продюсер Бизаррап билан ҳамкорликда ишлаган сўнгги треки “Bzrp Misic sessions, Vol. 53» энг кўп қидирилган қўшиқлар деб топилди. Шунингдек, Шакира бу йил Google'да дунёдаги энг кўп қидирилган қўшиқчи бўлди.
Маълумот учун, 2023-йилги қидирув натижалари жорий йилнинг 1 январидан 27 ноябригача бўлган қидирувлар сонига кўра ишлаб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, Режиссёр Грета Гервигнинг “Barbie“ фильми дунё бўйлаб 17 кунлик намойиш давомида 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағ жамғарганди.
LiveБарчаси