Бангладешда юзлаб одам ишлайдиган фабрика ёниб кетди. 52 киши ҳалок бўлган
Олам
−
09 Июль 2021
5003Бангладешнинг Рупгандж шаҳрида шарбат, макарон ва ширинликлар ишлаб чиқарадиган “Hashem Food and Beverage” фабрикасида катта ёнғин содир бўлди. Оқибатда камида 52 киши вафот этган. Бу ҳақда BBC News ёзмоқда.
Хабарга кўра, ҳодиса оқибатида 30 дан ортиқ одам жароҳат олган. Мамлакат ёнғин хизматининг маълум қилишича, қурбонлар сони кўпайиши мумкин, чунки ёнғин ортидан кўпчиликни топиб бўлмаяпти.
Бугун, 9 июль куни 52 нафар қурбон топилган пайтда қутқарувчилар бинонинг яна иккита юқори қаватини текширишлари керак эди. “Dhaka Tribune” нашри эса элликка яқин одам жароҳат олганини ёзмоқда.
Қайд этилишича, олти қаватли бинода ёнғин кеча, 8 июль куни маҳаллий вақт билан соат 17:00 да бошланган. Баъзи ишчилар шу вақтгача кундузги сменадан кейин уйларига кетган, аммо яна бир неча юз киши фабрикада ишлашда давом этган. Гувоҳларнинг таъкидлашича, улар одамлар деразадан сакраб тушаётганини кўрган. Фабрика ишчилари томга чиқа олмаган, чунки зинапояга ўтиш йўли қулфланган бўлган. Бинонинг асосий чиқиши ҳам ичкаридан қулфланган.
Расмийларнинг айтишича, заводда кўплаб пластик идишлар ва кимёвий таркибий қисмларнинг бўлгани ёнғинни кучайтириб юборган.
Тирик қолган ишчилар ва бедарак йўқолганларнинг қариндошлари журналистларга бино ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермаганини маълум қилган.
LiveБарчаси