Баку Озарбайжон-Арманистон-ЕИ музокараларига тайёрлигини билдирди
Олам
−
05 Октябрь 2023
3372Баку Ереван билан Брюсселда уч томонлама Озарбайжон-Арманистон-Европа Иттифоқи форматидаги музокараларга тайёр. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти ёрдамчиси Ҳикмат Ҳожиев Х ижтимоий тармоғидаги (собиқ Twitter) саҳифасида маълум қилди.
“Озарбайжон тез орада Брюсселда уч томонлама Озарбайжон-Арманистон-Европа Иттифоқи форматидаги учрашувларга тайёр”, деб ёзди у.
Ҳожиевнинг сўзларига кўра, Озарбайжон томони 5 октябрь куни Гранадада бўлиб ўтиши режалаштирилган учрашувни Франциянинг нохолис позицияси ва Туркиянинг ушбу музокараларга киритилмагани сабаб қатнашишдан бош тортган.
“Биз Испаниянинг ушбу учрашувда мезбон томон сифатида иштирок этишини ҳам ёқлаб чиқдик. Бакунинг рад жавобини Озарбайжоннинг Арманистон билан алоқа ёки музокара қилишдан бош тортиши деб ифодалаш нотўғри”, дея таъкидлади Ҳожиев.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 4 октябрь куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев 5 октябрь куни Испаниянинг Гранада шаҳрига ташриф буюришдан бош тортди. У ерда 5 октябрь куни Европа Иттифоқи, Франция ва Германия раҳбарлари иштирокида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан учрашув ўтказилиши керак эди. Маълумотларга кўра, рад этишга Франциянинг бузғунчи позицияси, шунингдек, Париж ва Берлиннинг Туркиянинг учрашувдаги иштироки бўйича келишмовчилиги сабаб бўлмоқда.
Аввалроқ, Франция Ташқи ишлар вазири Катрин Колонна арманистонлик ҳамкасби Арарат Мирзоян билан учрашув якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Франция Арманистон билан ҳарбий ёрдам етказиб бериш бўйича шартнома имзолашга тайёрлигини айтиб ўтган эди. Бу эса Бакунинг норозилигига сабаб бўлди.
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев учрашув ўтказишдан бош тортганига қарамай, 5 октябрь куни Европа сиёсий ҳамжамияти саммитида иштирок этиш учун Испаниянинг Гранада шаҳрига ташрифини бекор қилмади.
LiveБарчаси