Пашинян Алиевнинг рад этишига қарамай, Гранадага боришини айтди
Олам
−
04 Октябрь 2023
5401Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев учрашув ўтказишдан бош тортганига қарамай, 5 октябрь куни Европа сиёсий ҳамжамияти саммитида иштирок этиш учун Испаниянинг Гранада шаҳрига ташрифини бекор қилмади. Бу ҳақда у парламентда сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
“Делегациямизнинг Гранадага ташрифини ҳеч ким бекор қилгани йўқ. У ерда учрашувлар ўтказамиз ва ўз позицияларимизни батафсилроқ тақдим этишга ҳаракат қиламиз”, дейди ҳукумат раҳбари.
Пашинян эртага, 5 октябрь куни Испаниянинг Гранада шаҳрида Илҳом Алиев билан тинчлик шартномасини имзолашни режалаштирганини айтиб, Озарбайжон Президенти охирги лаҳзада у ерга боришдан бош тортганидан афсусда эканини билдирди.
“Сўнгги дақиқаларгача ва ҳатто бугун ҳам биз Гранадага ташрифни тасдиқладик. Шуни таъкидлашни истардимки, биз жуда конструктив ва оптимистик эдик, чунки биз муҳим ҳужжатни имзолаш имконияти борлигига ишонгандик. Маълум бўлишича, ежалаштирилган учрашув бизнинг айбимиз билан бекор қилинган. Стол устида турган концептуал ҳужжат тегишли вақтда имзоланади, деб умид қиламиз. Мен ушбу ҳужжатни имзолашга тайёрман. Эртага бундай муҳим қарорни эълон қилиш имконим бўлмаслигидан афсусдаман”, дейди ҳукумат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 4 октябрь куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев 5 октябрь куни Испаниянинг Гранада шаҳрига ташриф буюришдан бош тортди. У ерда 5 октябрь куни Европа Иттифоқи, Франция ва Германия раҳбарлари иштирокида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан учрашув ўтказилиши керак эди. Маълумотларга кўра, рад этишга Франциянинг бузғунчи позицияси, шунингдек, Париж ва Берлиннинг Туркиянинг учрашувдаги иштироки бўйича келишмовчилиги сабаб бўлмоқда.
Аввалроқ, Франция Ташқи ишлар вазири Катрин Колонна арманистонлик ҳамкасби Арарат Мирзоян билан учрашув якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Франция Арманистон билан ҳарбий ёрдам етказиб бериш бўйича шартнома имзолашга тайёрлигини айтиб ўтган эди. Бу эса Бакунинг норозилигига сабаб бўлди.