Баку Қорабоғ масаласини учинчи томон билан муҳокама қилмайди – Озарбайжон
Олам
−
13 Март 2023
3524Қорабоғ арманларининг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини муҳокама қилиш учун халқаро механизмни яратиш Арманистоннинг Озарбайжон билан тинчлик шартномасини имзолаши учун шарт бўла олмайди. Бу ҳақда якшанба куни Озарбайжон Президентининг ёрдамчиси, давлат раҳбари маъмурияти ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Ҳикмет Ҳожиев “Report” Озарбайжон ахборот агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
“Қорабоғда яшовчи арманларнинг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Арманистоннинг Озарбайжон билан тинчлик шартномасини имзолаш шарти сифатида халқаро механизм яратиш — [бу масалани муҳокама қилиш] мутлақо номақбул ва хавфли ёндашув”, дейди Ҳожиев.
Унинг таъкидлашича, бундай халқаро механизмни яратиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Унинг сўзларига кўра, Баку бунга ҳеч қачон рози бўлмаган. Ҳожиевнинг тушунтиришича, Ереваннинг бу борадаги даъволари мантиққа тўғри келмайди, улар "сунъий кескинлик яратиш"га қаратилган.
Озарбайжон Президенти ёрдамчисининг қўшимча қилишича, Қорабоғда яшовчи арман аҳолисининг ҳуқуқлари ва хавфсизлиги масаласи Озарбайжоннинг соф ички иши ҳисобланади. Бу республика конституцияси ва қонунларига мувофиқ ҳал қилинади.
“Озарбайжон ўз суверенитети билан боғлиқ масалаларни бошқа учинчи томон, жумладан, Арманистон билан ҳам муҳокама қилмайди”, дея хулоса қилди у.
Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон Мудофаа вазирлиги жорий йилнинг 5 март куни эрталаб Озарбайжон армияси бўлинмалари ҳарбий юкларни ноқонуний етказиб бераётган арман автомобилини текшириш учун тўхтатмоқчи бўлганини маълум қилди. Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, автомобиль йўловчилари Озарбайжон ҳарбийларига қарата ўт очган. Отишма оқибатида Озарбайжон Қуролли кучларининг икки нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди. Арманистон томони уч киши ҳалок бўлганини маълум қилди.
Озарбайжон айни вақтда Арманистонни Қорабоғга қурол-яроғ, миналар ва ўқ-дорилар тўплаётганликда айбламоқда.
Ўз навбатида Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот чиқариб, Озарбайжоннинг янги тажовузни бошлашига йўл қўймаслик ва Тоғли Қорабоғга Арманистон қуролли кучлари жойлаштирилгани ҳақидаги Озарбайжон маълумотларини текшириш учун халқаро фактларни ўрганиш миссиясини юборишга чақирганди. Шунингдек, Озарбайжон халқни бўйсундириш учун Тоғли Қорабоғни этник тозалаш ва геноцидга дучор қилишга тайёрланаётганини қайд этди. Расмий Баку эса бу даъволарини бемаънилик деб атади.
Қорабоғ уруши
2020 йил 14 июль куни Озарбайжон-Арманистон чегарасида рўй берган тўқнашувда Озарбайжон армиясининг бир генерал-майори бошлиқ 7 нафар аскарнинг шаҳид бўлиши Қорабоғнинг озод қилинишига олиб келган операциянинг бошланиши бўлди. 27 сентябрь куни Арманистон қўшинлари Тоғли Қорабоғ яқинидаги тинч аҳоли пунктларига ўт очди, Озарбайжон ўз ерларини ишғолдан озод қилиш учун “Қасос” қарши ҳужумини бошлади, натижада босиб олинган ерлар бирин-кетин озод қилинди.
2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2,9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.
LiveБарчаси