“Бахти Ташкентский” иши: Суд ҳукм чиқариш учун маслаҳатхонага кирди
3-саҳифа
−
15 Июль
12064Хабарингиз бор, жиноят оламида “Бахти Ташкентский” номи билан танилган Бахтиёр Зафарович Қудратуллаев иши жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида кўриб чиқилмоқда. Суд ҳукм чиқариш учун маслаҳатхонага кирди. Бу ҳақда адвокат Абдумалик Абдуллаев маълум қилди.
Адвокатнинг сўзларига кўра, суд маслаҳатхонадан 2024 йилнинг 19 июль куни соат 10:00 да чиқиши кутилмоқда.
Маълумки, “Бахти Ташкентский” 2023 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистонда ўтказилган “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари давомида қўлга олинган эди. Дастлаб у Жиноят кодексининг 165-модда 3-қисми, жуда кўп миқдорда товламачилик; 276-модда 2-қисми, кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлаш каби жиноятларда айбланган. 5 ойдан ортиқ давом этган тергов ҳаракатлари давомида Қудратуллаевга бошқа моддалар билан ҳам айбловлар қўйилди. Жумладан, Жиноят кодексининг 242-моддаси (Жиноий уюшма ташкил этиш).
Тергов ҳаракатлари тугаганда эса Бахтиёр Қудратуллаев ва унинг шериклари экани айтилган 36 нафар шахсга доир иш Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судига юборилди. “Бахти Ташкентский” билан судланаётганлар орасида унинг икки нафар ўғли ва акаси ҳам бор.
Шу йилнинг 3 июнь куни бошланган суд мажлисида Бахтиёр Қудратуллаев ўзига қўйилган айбловларга иқрор эмаслигини билдирди.
Давлат айбловчиси суддан барча судланувчиларнинг айби тасдиғини топганига қараб турли йилларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни сўраган.
Жумладан, прокурор суддан Бахтиёр Қудратуллаевга қўйилган айбловлар тасдиғини топгани, енгиллаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмаслигини ва бошқа барча ҳолатларни инобатга олиб, Жиноят кодексининг 242-моддаси (Жиноий уюшма ташкил этиш), 165-моддаси (Товламачилик), 168-моддаси (Фирибгарлик), 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш), 109-моддаси (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) ва 276- (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида, яъни бир неча жиноятлар содир этганлик учун узил-кесил жазо тайинлаш йўли билан 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш, Жиноят кодексининг 34-моддасини қўллаб, “Бахти Ташкентский”ни ўта хавфли рецидивист деб топиш ва тайинланган жазо муддатини махсус тартибли колонияда ўташини сўраган.
Қолаверса, давлат айбловчиси суддан Қудратуллаевни Жиноят кодексининг 96-моддаси (Жазо билан бирга тайинланадиган тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш)ни қўллаб, гиёҳвандлик моддаларидан мажбурий даволашни белгилашни ҳам сўраган.
Юқорида айтилганидек, Қудратуллаев билан бир сафда судланаётганлар орасида унинг икки ўғли ва акаси ҳам бор.
Қудратуллаевнинг тўнғич ўғли Бекзод Қудратуллаевич Зафаров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “в” банди, 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми “в” банди билан айбланиб қўлга олинган эди. Давлат айбловчиси суддан Бекзод Қудратуллаевни 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилишни сўраган.
Қудратуллаевнинг кенжа ўғли – 27 яшар Ихтиёр Қудратуллаев Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “а” ва “в” банди билан айбланаётган эди. Давлат айбловчисига кўра, Ихтиёр Қудратуллаев 1 та эпизодда айбланган ва айблов ўз тасдиғини топган.
“Ихтиёр Қудратуллаев 165-модда (Товламачилик) 3-қисми “а” ва “в” бандида айтилган жиноятларни содир этгани ўз тасдиғини топди. Унинг судланмагани ва бошқаларни ҳисобга олиб, содир этган жиноятини хавфлилик даражаси ва бошқа жиноятлардаги иштирокини инобатга олган ҳолда Жиноят кодексининг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) ва 72-моддаси (Шартли ҳукм қилиш)ни қўлламасдан 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниши ва жазони умумий тартибли колонияда ўташини сўрайман”, дейди давлат айбловчиси.
Прокурор суддан қўлга олинганда товламачиликда айбланган “Бахти Ташкентский”нинг акаси Шуҳрат Зафарович Қудратуллаевга 11 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни сўради.
Давлат айбловчисига кўра, Шуҳрат Қудратуллаевга қўйилган Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) ўз тасдиғини топган. Судланувчи 2017 йилда шартли озод этилгани ва ўталмай қолган жазоси борлиги инобатга олиниб, уни Жиноят кодексининг 34-моддаси (Рецидив жиноят)га асосан ўта хавфли рецидивист деб топиш ва 11 йил озодликдан маҳрум қилишни сўралган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь