Бахтсиз ҳодиса юз берган “Riviera” СКМ қурилиши тўхтатилди
Жамият
−
29 Август 2019
5258Аввалроқ, Тошкент шаҳрида The Tower MMG компаниясига қарашли “Riviera” савдо-кўнгилочар маркази қурилиш майдонида металл конструкция қулаши натижасида 4 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эдик.
“Riviera” СКМдаги бахтсиз ҳодисадан кейин The Tower MMG компанияси баёнот билан чиқди ва жабрланган ҳамда ҳалок бўлганларнинг оилаларига ёрдам беришини маълум қилди.
“The Tower MMG раҳбарияти “Riviera” СКМ қурилиш объектида ҳалок бўлганлар ва жароҳат олганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдиради. The Tower MMG жароҳат олганларнинг ва вафот этганларнинг оила аъзоларига моддий ёрдам кўрсатади ва тўлиқ ёрдам беради”, дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, объектдаги қурилиш ишлари ҳамма тафсилотларни аниқлаш ва бўлиб ўтган ҳодисанинг аниқ сабабларини топишга қадар тўхтатиб қўйилди. Воқеа жойида экспертлар гуруҳи ишламоқда.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда фалокатда жабрланган икки нафар ишчи Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши очган.