БАА ҳаво ҳудуди 1 ҳафтага ёпилди
Олам
−
16 Март 3551 2 дақиқа
Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати ҳаво ҳудудининг қисман ёпилиши муддатини 23 мартгача, яъни бир ҳафтага узайтирди. Бу ҳақда Яқин Шарқдаги диспетчерлик хизматлари хабар берди.
Манбанинг маълум қилишича, чекловлар 23 март куни умумжаҳон вақти билан соат 12:00 гача амал қилади. Шу даврда БАА аэропортларига келадиган ва у ердан учиб кетадиган рейслар учун махсус 6 та йўналиш белгиланган. Бу йўналишлар ҳаво ҳудудига кириш нуқталарига Уммон ва Саудия ҳудудлари орқали олиб боради.
Экипажларга ҳаво ҳаракатини бошқариш хизматлари янгиланишларини мунтазам кузатиб бориш ва зарур бўлса, парвоз режасини тезкор равишда ўзгартириш тавсия этилган.
Чекловларни узайтириш қарори Дубайда содир бўлган ҳодисадан кейин қабул қилинган. 16 март куни эрталаб халқаро аэропорт фаолияти учувчисиз учиш аппарати ҳужуми сабаб издан чиққан. Дрон ёқилғи сақланадиган резервуарга зарар етказиб, ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлган.
Ёнғин тезда ўчирилган, бироқ аэропортда самолётларни қабул қилиш ва жўнатиш вақтинча чекланган. Рейслар жадвалидаги узилиш транзит йўловчиларга таъсир қилган.
Ҳодиса оқибатларини бартараф этиш вақтида полиция аэропортга олиб борувчи йўлларни вақтинча ёпган. Шу сабабли айрим йўловчилар терминалга ўз вақтида етиб бора олмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БАА ҳаво ҳудудининг қисман ёпилиши муносабати билан Тошкентдан Дубайга учган рейслар жўнаш аэропортига қайтганди.
Live
Барчаси