БАА компанияси Ўзбекистон авиация бозорига кирмоқчи
Жамият
−
24 Август 2020
7805Бирлашган Араб Амирликларининг Jetex компанияси Ўзбекистоннинг авиация бозорига кирмоқчи. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.
Вазирлик маълумотига кўра, Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев Jetex компанияси вакиллари билан видеоконференц алоқа шаклида учрашув ўтказган.
Учрашувда Jetex компанияси Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида FBO шаклида давлат хусусий шерикчилиги асосида VIP ва CIP мижозларга хизмат кўрсатишни ташкил этиш бўйича инвестицион лойиҳани амалга оширишга истагини маълум қилган. Компания айни мазкур лойиҳа доирасида ўз маблағлари ҳисобидан Тошкент халқаро аэропорти инфратузилмасини янада ривожлантириш мақсадида йўловчилар ва бизнес авиацияга хизмат кўрсатувчи янги махсус терминал ва ангар қуришни режалаштирмоқда.
Компания вакиллари мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши Тошкент халқаро аэропорти нуфузи ва жозибадорлигини оширишига ишонмоқда.
Jetex компанияси 2005 йилда ташкил этилган бўлиб, 5 қитъада 30 та бизнес бирлашмасига эга глобал тармоқни ташкил этган. Шунингдек, Jetex Яқин Шарқ, Туркия ва Покистонда HondaJet компаниясининг расмий дилери бўлиб ҳисобланади.
FBO (Fixed Base Operator) – аэропортларда ҳаво кемалари ва йўловчиларга комплекс сервис хизматлари кўрсатувчи, хусусан, ҳаво кемаларига ёқилғи қуйиш, тўхташ жойи, ангарда сақлаш, техник ва таъмирлаш хизматларини кўрсатиш, ҳаво кемаларини ижарага бериш, чартерларни сотиш, такси ва яна бошқа кўплаб хизмат турларини кўрсатувчи ташкилотдир.
Учрашувда Jetex компаниясининг инвестицион лойиҳасини амалга ошириш юзасидан икки томон мутахассилари иштирокида навбатдаги кенгайтирилган учрашувда лойиҳанинг техник, иқтисодий жиҳатларини атрофлича муҳокама қилиш юзасидан келишиб олинди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15