Баҳодир Жалоловнинг эҳтимолий рақиби маълум бўлди
Спорт
−
18 Январь
15200Жорий йилнинг 17 февраль куни ўзбекистонлик профессионал боксчи Баҳодир Жалолов профбоксдаги навбатдаги жангини ўтказади. Ўша куни унга кубалик Луис Ортис рақиблик қилиши кутилмоқда. Бу ҳақда “Boxen1” хабар берди.
Ортис ҳозирда 44 ёшда. У профессионал фаолияти давомида 37 та жанг ўтказиб, 34 тасида рақибларидан устун келган, 3 та баҳсда эса имкониятни бой берган. 29 ёшли Жалолов эса шу вақтга қадар 14 та жанг ўтказиб, барчасида рақибларини нокаутга учратган.
Қайд этиш жоиз, Ортис охирги жангини 2022 йил сентябрида оғир вазн тоифасида собиқ чемпион америкалик Энди Руизга қарши ўтказиб, ҳакамлар қарорига кўра мағлуб бўлган. Жалолов эса ўтган йили ноябрь ойида Тошкентда жанубий африкалик Крис Томпсонга қарши рингга кўтарилиб, рақибини 1-раунддаёқ мағлуб этди.
Маълумот учун, 17 февраль кунги профбокс кечаси Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида ўтказилади. Кечанинг марказий жанги британиялик Тайсон Фюри ва украиналик Александр Усик ўртасида супероғир вазнда мутлақ чемпионлик учун ўтказилади.