Баҳодир Жалоловга уй совға қилинди (видео)
Спорт
−
08 Июнь 2023
35859Сурхондарё вилояти ҳокими бокс бўйича икки карра жаҳон чемпиони, Токио-2020 Олимпия ўйинлари ғолиби Баҳодир Жалоловни уй билан тақдирлади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Манбага кўра, бугун, 8 июнь куни ҳокимлик биносида Тошкентда бўлиб ўтган бокс бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган Баҳодир Жалолов билан учрашув ўтказилган.
Унда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов сўзга чиққан ва боксчини ушбу ғалаба билан табриклаб, чемпионга кейинги халқаро мусобақалар ҳамда профессионал фаолиятида омад тилаган. Шунингдек, спортчи муносиб тарзда тақдирланган.
Маълумот учун, айни вақтда Баҳодир Жалолов Бутунжаҳон бокс кенгаши (WBC) рейтингида 14-поғонани банд этиб турибди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида ўтказилган бокс бўйича Жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган Ўзбекистон вакили Руслан Абдуллаевга Malibu автомобили берилган эди. Маълумотларга кўра, боксчига автомашинани Қибрай туманидаги тадбиркор маҳалладоши совға қилган.