Айтамиз ҳам, қайтамиз ҳам: Мактаб дарсликлари доимий текин бўлади
Жамият
−
06 Сентябрь 2022
17136Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов бугун, 6 сентябрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида мактаб дасрликлари ижараси фақат жорий ўқув йилида бепул бўлишини, келаси йиллар масаласи ҳам кўриб чиқилаётганини айтган эди.
Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаевнинг қўшимча қилишича, келгусида бу тартиб давом этиш-этмаслиги ишчи гуруҳ томонидан ўрганилиб, Ҳукумат томонидан белгиланади.
Орадан кўп ўтмай, Халқ таълими вазирлиги Матбуот анжуманида бир мавзуда камида 2-3 та қарама-қарши фикр айтган вазир ўринбосарларининг гапларига изоҳ бериб, дарсликлар ҳамма йилларда тўлиқ бепул бўлиши ҳақида баёнот берди.
“Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирокида соҳа фаолияти билан боғлиқ кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган долзарб масалаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида янги ўқув йили бошланиши муносабати билан вазирлик томонидан амалга оширилган ишлар ва келгуси режалар хусусида атрофлича маълумот бериб ўтилди.
Қизғин ва турли мавзуларга бой бўлган анжуман давомида журналистларнинг халқ таълими тизими, жумладан, мактаб дарсликларини чоп этиш, уларнинг ижараси, электрон кундалик тизими ва бошқа муҳим саволларга мутасаддилар томонидан атрофлича жавоб берилди.
Таъкидланганидек, эндиликда мактаб дарсликларининг ижара тўловлари доимий равишда бепул бўлади ва айни дамда бунинг механизми ишлаб чиқилиши бўйича Давлатимиз раҳбари томонидан топшириқ олинган.
Тадбир давомида таълим сифатини ошириш, ўқитувчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва малакасини оширишга доир қатор муҳим масалалар юзасидан иштирокчилар саволларига жавоб берилди”, дейилади Халқ таълими вазирлиги тарқатган “Мактаб дарсликларининг ижараси доимий бепул бўлади”, номли хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2 сентябрь куни 2022-2023 ўқув йили мактаб дарсликларнинг ижара нархи маълум бўлди. Унга кўра, таълим тили ўзбек синфлар учун дарсликлар тўпламларининг ижара нархлари 108 фоизга оширилди. Ота-оналар ва жамоатчилик орасида норозиликни келтириб чиқарган ушбу масала бўйича Халқ таълими вазирлиги муносабат билдириб, нарх ошишини янги дарсликларнинг чоп этилиш ҳаражатлари, хусусан дунё бозорида қоғоз нархи ва қоғозни Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича транспорт ҳаражатларининг кескин ошиб кетиши билан изоҳлади.
Китоб ижараси бўйича норозиликлар Президентгача етиб бориши ортидан, давлат раҳбари дарсликларни текинга беришга кўрсатма берди. Давлат раҳбари, шунингдек, мактаб дарсликларини сифат жиҳатидан ҳам тўлиқ танқидий кўриб чиқишни буюрган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь