Умурзоқов бошчилигида мактаб дарсликлари тўлиқ текширувдан ўтказилади
Жамият
−
05 Сентябрь 2022
10873Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамаси ва Халқ таълими вазирлигига мактаб дарсликлари ва машқ дафтарларини бепул ижарага беришни тезкор йўлга қўйиш юзасидан топшириқ бергани ҳақида хабар берган эдик. Масала шу билан якун топгани йўқ. Давлат раҳбари, шунингдек, мактаб дарсликларини сифат жиҳатидан ҳам тўлиқ танқидий кўриб чиқишни буюрган. Бу ҳақда Президент Администрацияси раҳбари Комил Алламжонов Telegram-каналида маълум қилди.
“Дарсликлар нафақат текин бўлади, балки сифат жиҳатдан ҳам тўлиқ танқидий кўриб чиқилади”, деб ёзган Алламжонов.
Унинг қайд этишича, мактаб дарсликларига оид давлат раҳбарининг тегишли топшириғидан сўнг, Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов мазкур масала бўйича танқидий йиғилиш ўтказган.
Унда барча мактаб дарсликларини комплекс текширувдан ўтказиш, улардаги мавжуд хато ва камчиликларни аниқлаш, сифатини яхшилаш бўйича Президент Администрацияси, Халқ таълими вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси ва яна бир қатор ташкилотларнинг масъул вакилларидан иборат катта ишчи гуруҳ тузилган.
Ҳисоб палатаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Халқ таълими вазирлигига 1 ой муддатда дарсликларни тайёрлаш, нашр этиш, таннарх ва тарқатиш тизимини танқидий кўриб чиқиш, давлат буюртмаси бажарилишининг шаффоф ва самарали тизимини жорий этиш вазифаси белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, 2 сентябрь куни 2022-2023 ўқув йили мактаб дарсликларнинг ижара нархи маълум бўлди. Унга кўра, таълим тили ўзбек синфлар учун дарсликлар тўпламларининг ижара нархлари 108 фоизга оширилди. Ота-оналар ва жамоатчилик орасида норозиликни келтириб чиқарган ушбу масала бўйича Халқ таълими вазирлиги муносабат билдириб, нарх ошишини янги дарсликларнинг чоп этилиш ҳаражатлари, хусусан дунё бозорида қоғоз нархи ва қоғозни Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича транспорт ҳаражатларининг кескин ошиб кетиши билан изоҳлади.
LiveБарчаси