Мактаб дарсликлари фақат бу йил текинга берилади – ХТВ
Жамият
−
06 Сентябрь 2022
12793Ўзбекистондаги давлат умумтаълим муассасалари ўқувчиларига дарсликлар фақат бу йил бепул берилади. Келгусида бу тартиб сақлаб қолинишини Ҳукумат ҳал қилади. Бу ҳақда бугун, 6 сентябрь куни Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари иштирокидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.
Халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комиловнинг сўзларига кўра, бу йил ижара учун пуллар Давлат бюджетидан қопланади.
“Давлат бюджети тўғрисидаги қонун бор. Қонунни кўрсангиз, Китоб жамғармасининг бюджети тасдиқланган. Бу йил 1,1 трлн сумга китоб чоп этилиши керак. Шундан 605 млрд сўми давлат бюджетидан йўналтирилади. Қолгани жамғарма маблағларидан. Қонунчиликка кўра, Жамғарма маблағлари бу ижара тушумларидан шаклланади. Бу йил 500 млрд ижара тушумидан қопланиши керак эди”, дейди Комилов.
Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, бу йил Президент ташаббуси билан аҳолига ёрдам бўлиши учун 500 млрдга яқин маблағ Давлат бюджетидан йўналтирилади. Бу енгиллик фақат жорий ўқув йили учун тақдим этилган.
Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаевнинг қўшимча қилишича, келгусида бу тартиб давом этиш-этмаслиги ишчи гуруҳ томонидан ўрганилиб, Ҳукумат томонидан белгиланади.
Эслатиб ўтамиз, 2 сентябрь куни 2022-2023 ўқув йили мактаб дарсликларнинг ижара нархи маълум бўлди. Унга кўра, таълим тили ўзбек синфлар учун дарсликлар тўпламларининг ижара нархлари 108 фоизга оширилди. Ота-оналар ва жамоатчилик орасида норозиликни келтириб чиқарган ушбу масала бўйича Халқ таълими вазирлиги муносабат билдириб, нарх ошишини янги дарсликларнинг чоп этилиш ҳаражатлари, хусусан дунё бозорида қоғоз нархи ва қоғозни Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича транспорт ҳаражатларининг кескин ошиб кетиши билан изоҳлади.
Китоб ижараси бўйича норозиликлар Президентгача етиб бориши ортидан, давлат раҳбари дарсликларни текинга беришга кўрсатма берди. Давлат раҳбари, шунингдек, мактаб дарсликларини сифат жиҳатидан ҳам тўлиқ танқидий кўриб чиқишни буюрган.
LiveБарчаси