Айрим давлатларда 5 та президент қувилди, ҳеч нарса ўзгармади – Назарбеков

Маданият-санъат 23838
image
-

Айрим давлатларда лидерни ёмонлаш орқали жамиятдаги катта ислоҳотни чилпарчин қилиб ташлаш бўйича маълум тажрибалар яратилган. Бунинг ортида катта гуруҳлар ишлайди. Шунинг учун айрим давлатларда 5 та президент қувилди, лекин жамиятда ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири – Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков кеча, 29 июнь куни журналистлар билан учрашувда сўз очди. 

Назарбеков, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда бўлаётган тортишувлар, янги Конституция тарғиботи билан боғлиқ чиқишлар муҳокамаларга сабаб бўлаётганига тўхталди. У айрим блогерларнинг фаолияти уни қўрқитаётганини айтди. 

“Охирги пайтда мана шу соҳада (журналистика – таҳр.) онг шакллантириш нуқтаи назаридан мени кўпроқ қўрқитаётган нарса нима деса, очиғини айтаман, бугунги кунги тенденцияда ўзимнинг лидерим (Президент Шавкат Мирзиёев – таҳр.)ни ҳимоя қилсам, айб саналяпти. Кечирасизлар-ку буни кўпроқ блогерлар амалга оширяпти. Бу айб экканлиги бутун жамиятга уқтириляпти. Ҳокимиятнинг ислоҳоти ҳақида гапириш – бу ватанга хиёнат, халққа хиёнат деган тушунча тарғиб қилиняпти ва мустаҳкамлаб бориляпти. Бу ишлар мақсадли бўляпти. Бунинг ортида дастурлар, катта-катта жамоалар ишлаяпти, ресурслар ажратиляпти, шакллантириляпти. Бу жараёнларнинг ичида ўзини омон-пок сақлаб туриш осон нарса эмас. Чунки шуҳрат келтиришнинг энг осон йўли мана шу: битта катта лидерни ёмонлаш ёки жамиятдаги катта ислоҳотни чилпарчин қилиб ташлаш, бир деганда шуҳрат беради. Мана шулардан ўзини манфаати йўлида фойдаланаётганлар мени қўрқитади. 

Кечирасизлар-ку айрим давлатларда мана шу онг шакллантириб бўлинган. Шунинг учун бугунгача бешта президент қувилди, лекин у жамиятда ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Шунақа иммунитет шакллантирилган. Соддароқ қилиб айтсам, Умар одилни олиб келиб қўйсанглар ҳам у халқ энди рози бўлмайди. Шу рози бўлмаслик, эркинлик деган тушунчалар у жамиятда тарғиб қилинди, шакллантирилди: ким келса, ҳам рози бўлмаслик”, дейди Озодбек Назарбеков.

Вазир айнан қайси мамлакат ҳақида сўз юритганига аниқлик киритмаган. Бироқ англашилишича, Назарбеков катта эҳтимол билан Ўзбекистоннинг яқин қўшниси Қирғизистондаги вазиятга ишора берган. Мамлакат мустақилликка эришгач, демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш йўлидан борди. Бу орада Қирғизистоннинг 5 президенти – Асқар Акаев, Курманбек Бакиев, Роза Отунбаева, Алмазбек Атамбоев ва Сооронбай Жээнбеков турли йилларда фуқаролар норозилиги ортидан лавозимини тарк этди. 

Улуғбек Худойберганов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 657
Рейтинг: 3.1
t
×