Авжига чиққан мушакбозлик: чегараларни четлаб ўтган пиротехника учун ким жавоб беради?
Жамият
−
02 Январь 2021
10777Пақилдоқ товуши сизга ҳам эшитилдими? Қўни-қўшниларнинг боласи бамайлихотир пақилдоқ отаётгани, эсини таниган, 2-3 фарзанди бор эркаклар шаҳар марказида мушакбозлик қилаётгани, энг қизиғи бу товуш етти маҳаллага ёйилаётгани, профилактика инспектори эса бунга жим қараб турганини сиз ҳа кўргандирсиз. Жуда бўлмаса Instagram’да гувоҳ бўлгансиз. Айниқса, Тошкентнинг марказий кўчаларида бу йил мушакбозлик авжига чиқди. Лекин ҳамма жим.
Маълумки, ҳар йилнинг ноябрь-декабрь ойлари Ўзбекистонда ёнғин хавфсизлиги ойлиги сифатида эълон қилинади. Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари томонидан ўқув-семинарлар, мактаб ўқувчилари иштирокида тадбирбозликлар ўтказилади. Бажхона қўмитаси, жумладан ДХХ телевидение, радио ва интернет нашрлар орқали минглаб, миллионлар пақилдоқлар, пиротехника воситаларининиг савдосига чек қўйилгани, бу воситалар мамлакат ҳудудига ноқонуний равишда олиб кирилаётганда, ушлаб қолингани ҳақида бонг уради. Бунга кўникиб кетганмиз.
Танганинг яна иккинчи тарафи бор. Хўш, Божхона қўмитаси ва ДХХ пиротехника воситаларининг мамлакат ҳудудига ноқонуний кириб келишини олдини олиш бўйича муросасиз курашаётган бўлса, нега бир неча кундирки шаҳар кўчаларида мушаклар овозини эшитяпмиз? Нега ён атрофимизда эмин-эркин пақилдоқ отиляпти? Бордию бу мушаклар ва пақилдоқлар чегаралда ушлаб қолинмаган бўлса, чегаралар биз ўйлагандек мустаҳкам, божхона ходимлари кутилганидек синчков эмас, шундайми?
Яна бир савол туғилади: хўш, чегарадан олиб ўтилаётган ва ушлаб қолинган пиротехника воситалари қани? Қаерга йўқ қилиняпти улар? Нега бу ҳақда маълумот берилмайди. Балки, олиб қолинган пиротехника воситаларининг ўзи одамлар қўлига бошқа яширин йўллар орқали етиб бораётгандир...
Пиротехникалар яширин равишда чегарадан олиб ўтилди, буни божхоначилар пайқамади ҳам дейлик, лекин ҳар бир маҳалладаги профилактика инспекторларининг кўзи қаерда? Ё уларнинг кўзини парда қоплаб, пақилдоқ товушидан кар бўлганми? Бугунгача Божхона қўмитаси ва ДХХ томонидан пиротехника воситаларининг чегаралардан ноқунуний равишда олиб ўтилаётгани ҳақида ўнлаб маълумотлар берилди. Бироқ, ИИВ ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳам пиротехника воситаларини ишлатиш бўйича ҳеч қандай маълумот бергани йўқ. Наҳотки, мушакбозлик қилинаётган маҳалла ва кўчаларда профилактика инспекторлари йўқ? Наҳотки, ИИВ мутасаддилари ижтимоий тармоқлардаги пиротехника челлежини кўрмаяпти? Наҳотки, шаҳардаги порох ҳиди уларнинг бурнига бориб урилмаяпти?
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 10 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пиротехника воситалари айланишини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, мамлакат ҳудудида пиротехника воситаларини олиб кириш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, сотиш ва улардан фойдаланиш тақиқланган.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, ДХХнинг Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ ва валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти пиротехника воситаларини ноқонуний олиб кириш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, сотиш ва улардан фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва уларга барҳам бериш, айбдор шахсларни жиноий жавобгарликка тортишгача қонунда белгиланган жавобгарликка тортиш бўйича чора-тадбирлар комплексини амалга ошириши белгиланган.
Қарорга кўра, барча пиротехника воситалари олиб қўйилиши ва кейинчалик белгиланган тартибда йўқ қилиниши керак.
Юқорида кўтарилган саволларга мутасадди ташкилотлардан жавоб кутамиз. Хўш, бу пиротехника воситалари одамлар қўлига қандай етиб борган?
LiveБарчаси