Автомобилни такроран маст ҳолда бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда (видео)
Жамият
−
24 Январь 4922 2 дақиқа
Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришлар киритиш орқали транспорт воситасини такроран маст ҳолда бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик, яъни уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланмоқда. Бу ҳақда бугун, 24 январь куни Олий Мажлис Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан маъқулланган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонунда сўз боради.
Мажлисда сўзга чиққан Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси, сенатор Қутбиддин Бурҳоновнинг маълум қилишича, маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш билан боғлиқ 2021 йилда 40 542 та, 2022 йилда 47 365 та ва 2023 йилда 41 866 та, 2024 йилда 31 436 та ҳуқуқбузарлик аниқланган.
“Энг ачинарлиси, фақатгина 2024 йилда қарийб 8 минг нафар ҳайдовчи маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилгандан сўнг такроран транспорт воситасини маст ҳолатда бошқарганлиги аниқланган”, деди сенатор.
Шунингдек, қонун билан Жиноят кодексида қуйидагилар учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланмоқда:
-
Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек имтиҳон ўтказиш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартибини бузганлик;
-
Транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахснинг транспорт воситасини бошқарганлик;
-
Сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини бузганлик.
Бундан ташқари, қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига транспортда безорилик, яъни айрим ҳайдовчилар томонидан бошқариш маданиятига риоя қилмай, транспорт воситасини кескин бошқариш ва бошқа ҳаракатларда ифодаланган “агрессив бошқариш”, “дрифт”, “шахмат” шаклида ҳаракатланиш, йўлларда тўсиқларни пайдо қилиш каби қоидабузарликлар учун жавобгарлик белгиланмоқда.
“Таъкидлаш лозимки, ўтган 2024 йилда фақатгина фото ва видео қурилмалари ёрдамида аниқланган ҳуқуқбузарликларнинг 22 фоизи битта транспорт воситаси ҳайдовчиси томонидан 4 тагача, 18 фоизи – 5 тадан 10 тагача, 9,5 фоизи – 11 тадан 20 тагача, 1,3 фоизи – 31 тадан 40 тагача, эътибор беринг, 0,1 фоизи ёки бўлмаса 22 мингта ҳайдовчи эса 100 тадан кўп йўл ҳаракати қоидабузарлигини содир этган”, деди Бурҳонов.
Эслатиб ўтамиз, мажлисда сенатор Ўзбекистонда 2024 йилда 9364 та йўл-транспорт ҳодисалари содир этилиши оқибатида 2203 нафар инсон ҳалок бўлган ва 8901 нафар инсон тан жароҳати олганини маълум қилганди.
Live
Барчаси