Тўлиқ битмаган кўп қаватли уйга одам кўчирганлар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин
Local
−
16 July 2340 2 minutes
Ўзбекистонда ҳали тўлиқ қуриб битказилмаган ва фойдаланишга расман топширилмаган кўп қаватли уйларга фуқароларни кўчириб киритган масъул шахслар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида маълум қилинди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакатда шаҳарсозлик соҳасини такомиллаштириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётган бўлса-да, кейинги вақтларда қурилиши якунланмаган ҳамда белгиланган тартибда фойдаланишга қабул қилинмаган кўп қаватли уйларга фуқароларни кўчириб киритиш ҳолатлари учрамоқда. Билдирилишича, бундай ҳолатлар фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, қурилиш соҳасида фаолият юритаётган субъектларнинг масъулиятини ошириш ҳамда қонунбузарликларнинг олдини олиш бўйича қўшимча чоралар кўришни талаб этмоқда.
Гап шундаки, шу кунгача айрим кўп қаватли уйларнинг баъзи қаватларида қурилиш ишлари якунлангач, бино ҳали тўлиқ битказилмаган ва белгиланган тартибда фойдаланишга қабул қилинмаган бўлса ҳам, фуқаролар хонадонларга кўчириб киритилган ҳолатлар учраб келган. Бундай ҳолатлар эса қурилиш ишлари давом этаётган биноларда яшовчиларнинг соғлиғи ва ҳаётига хавф туғдириши мумкин. Шу сабабли Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тегишли қонун лойиҳасини киритиш таклиф этилмоқда. Унда кўп квартирали уйлар қурилишига масъул шахслар ёки мансабдор шахсларнинг белгиланган тартибда фойдаланишга расман қабул қилинмаган ва тўлиқ қуриб битказилмаган уйларга фуқароларни кўчириб киритишига йўл қўйгани учун тўғридан тўғри жиноий жавобгарлик белгиланиши назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, Шаҳарсозлик кодексига буюртмачи ва пудратчилар зиммасига фойдаланишга қабул қилинмаган кўп қаватли уйларга фуқароларни кўчириб киритмаслик чораларини кўриш мажбуриятини юкловчи нормаларни киритиш ҳам режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 октябридан Тошкент ва Самарқанд шаҳридаги компаниялар кўп қаватли уйлар қуриш учун ерларни қурилишга рухсати, архитектура-режалаштириш топшириғи ва дастлабки лойиҳаси билан бирга тайёр ҳолда аукционга чиқариши ҳақида хабар берилган эди.
Live
All