Автомобилларнинг утилизацияси йиғими фуқароларга кўшимча харажатми?
Жамият
−
10 Сентябрь 2019
7424Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталарида мамлакат ижтимоий, иқтисодий ҳаётида муҳим ўрин тутадиган бир қатор қонун лойиҳалари биринчи, иккинчи ҳамда учинчи ўқишларга тайёрланмоқда.
Жорий йилнинг 6 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам шулар жумласидан. Қонун лойиҳаси билан автомобилларнинг тўлиқ қайта ишланишини таъминлаш (рециклинг) мақсадида, шу жумладан, утилизация йиғимларидан тушган маблағлар ҳисобига транспорт воситаларини утилизация қилиш ва қайта ишлаш, шунингдек, ушбу тадбирларни молиялаштириш бўйича муаммоли масалаларни ҳал этиш назарда тутилган.
Айни пайтда мазкур қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга тайёрланмоқда. Қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилиш жараёнида депутатлар томонидан кўтарилган масалаларга ойдинлик киритиб борилмоқда.
Билдирилишича, бугунги кунда республикада 3 миллионга яқин транспорт воситаси мавжуд бўлcа, шундан қарийб 1 фоизи истеъмолга яроқсиздир (йўл транспорт ҳодисаси, фойдаланиш хусусиятини йўқотиши ва бошқалар натижасида). Ўз ўрнида, истеъмолга яроқсиз транспорт воситаларини қайта ишлаш тизими мамлакатда жорий этилмаганлиги сабабли, ушбу транспорт воситаларида фойдаланиш хусусиятини йўқотганидан сўнг ҳосил бўладиган истеъмол чиқиндиси тоифасига кирувчи маҳсулотлар атроф муҳитга ва инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида қуйи палатага киритилган ушбу қонун лойиҳаси билан автомобилларнинг тўлиқ қайта ишланишини таъминлаш (рециклинг) мақсадида, шу жумладан, утилизация йиғимларидан тушган маблағлар ҳисобига транспорт воситаларини утилизация қилиш ва қайта ишлаш, шунингдек, ушбу тадбирларни молиялаштириш бўйича муаммоли масалаларни ҳал этиш назарда тутилган.
Қонун лойиҳасида утилизация йиғими Ўзбекистон Республикаси ҳудудига транспорт воситаларини импорт қилувчилардан ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида транспорт воситалари ишлаб чиқарувчиларидан ундирилишини белгилаш масалалари акс этган.
“Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, “Ўзавтосаноат” АЖ ва қатор вазирлик ҳамда идоралар томонидан сўнгги йилларда республикада автомобилсозлик саноатини янада ривожлантириш мақсадида, автомобиллар таннархини пасайтириш, маҳаллийлаштириш даражасини оширишга қаратилган бир қатор вазифалар белгиланди ҳамда улар юзасидан ишлар жадал суратда олиб борилмоқда.
Юқоридаги чора-тадбирлар туфайли қонун лойиҳаси билан жорий қилинаётган утилизация йиғими маҳсулот нархига таъсир кўрсатмайди.
Қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида хорижий тажриба ҳам мукаммал ўрганилмоқда. Ҳаволаки нормалардан воз кечилиб, тўғридан-тўғри ишлайдиган моддалар билан тўлдирилмоқда”, дейилади хабарда.
Шу билан бирга, қонун лойиҳасида мамлакат ҳудудидаги мавжуд транспорт воситаларига нисбатан утилизация йиғимларини жорий этишни кўзда тутувчи нормалар мавжуд эмаслиги айтилади.
Маълумот учун: Бугунги кунда жаҳоннинг 30 дан ортиқ давлатларида автомобилсозлик саноати мавжуд бўлса, уларнинг аксариятида экологик хавфсизликни таъминлаш, фуқаролар соғлиғини ва атроф муҳитни транспорт воситалари чиқиндиларининг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида транспорт воситаларига нисбатан утилизация йиғими жорий қилинган.
LiveБарчаси