Австралияда 16 ёшга тўлмаганлар учун ижтимоий тармоқлар тақиқланади
Олам
−
07 Ноябрь
1330Австралияда 16 ёшдан кичик болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаш учун қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бу ҳақда бугун, 7 ноябрь куни Австралия Бош вазири Энтони Альбанезе маълум қилди.
“Ижтимоий тармоқлар фарзандларимизга зарар етказмоқда, мен бунга чек қўйишга чақираман”, деди Альбанезе.
Унинг билдиришича, бу бўйича қонун жорий йил парламентга киритилади ва у қабул қилингандан сўнг 12 ой ўтиб кучга киради. Болаларга ота-оналарининг розилиги бўлган тақдирда ҳам ижтимоий тармоқдан фойдаланишга рухсат берилмайди.
“Ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга йўл қўймаслик учун зарур чораларни кўраётганини исботлаш мажбурияти платформаларга юкланади. Бу масъулият ота-оналар ёки ёшлар зиммасига юкланмайди”, деди Альбанезе.
Алоқа вазири Мишель Роуланд таъсир кўрсатадиган платформалар қаторига Meta Platform’га тегишли Instagram ва Facebook, шунингдек, ByteDance’нинг TikTok ва Элон Маскнинг X (аввалги Twitter) киришини, Alphabet’нинг YouTube платформаси ҳам қонунчилик доирасига тушиши эҳтимоли юқори эканини билдирган.
Мазкур компаниялар ҳали ушбу хабарга изоҳ бермаган.
Нашрга кўра, дунёнинг бир қанча давлатлари болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклашга ваъда берган, аммо Австралиянинг сиёсати энг қатъийлардан бири ҳисобланади.
Ўтган йили Франция 15 ёшгача бўлганларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлашни таклиф қилган, аммо у таклифга кўра, ота-оналар розилиги билан тақиқни четлаб ўтиш мумкин бўлади.
АҚШ эса ўнлаб йиллар давомида технология компанияларидан 13 ёшдан кичик болалар маълумотларига ота-оналар розилигини талаб қилишни сўраб келган, натижада кўпгина ижтимоий тармоқлар бу ёшдан кичик фойдаланувчиларнинг хизматларга киришини тақиқлаб қўйган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Норвегия ҳукумати ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари учун қатъий ёш чекловини жорий этишни режалаштираётгани хабар қилинган эди. Унга кўра, 15 ёшдан кичик болалар ижтимоий тармоқлардан фойдалана олмайди.
LiveБарчаси