Австралияда ҳам раҳбарларга ходимини иш вақтидан ташқари безовта қилиши тақиқланди
Олам
−
26 Август
2168Австралияда ходимлар иш вақти тугагандан сўнг телефонини ўчириб қўйиш, иш берувчининг қўнғироқларига ва электрон почталарига жавоб бермаслик ҳуқуқига эга бўлди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Мамлакатда янги қабул қилинган қонунга кўра, иш берувчи бундай йўл тутган ходимларни жазолай олмайди. Қонун бугун, 26 август кунидан эътиборан кучга кирди.
Қоннуни қўллаб-қувватловчиларнинг таъкидлашича, янги қонун ишчиларга иш юзасидан электрон почта хабарлари, СМС ва қўнғироқлар орқали бошлиқлари томонидан шахсий ҳаётига доимий тарзда халақит берилишига қарши туришга ишонч беради. Уларнинг сўpларига кўра, иш вақтидан кейин ҳам ходимларни ҳар хил усуллар билан безовта қилиш ва шахсий вақтларини “ўғирлаш” СОVID-19 пандемияси давридан бошлаб кучайган.
Нашрнинг ёзишича, 8 соатлик иш кунини жорий этган биринчи мамлакат бўлган Австралияда бундай қонун қабул қилинишига эҳтиёж ҳамиша сезилади.
Ўтказилган сўров натижаларига кўра, австралияликлар 2023 йилда ўртача 281 соат қўшимча ишлаган. Яъни, Австралия институти ҳисоботига кўра, ўтган йили австралиялик ходим ҳафтасига ўртача 5,4 соат ҳақ тўланмайдиган ишни бажарган бўлса, 18 ёшдан 29 ёшгача бўлганлар эса 7,4 соат ҳеч қандай пулсиз ишлаган.
Мамлакатнинг Адолатли меҳнат комиссияси трибунали томонидан қўлланиладиган қоидаларни бузган иш жойлари 93 минг 900 Австралия доллари (63 минг 805 АҚШ доллар) миқдорида жаримага тортилади. Австралия бундай қонунни жорий қилган биринчи давлат эмас. 2017 йилда Франция ишчиларни иш вақтидан ташқари хабарларга жавоб бермагани учун жазоланишидан ҳимоя қилувчи қонунчиликни жорий қилган бўлса, кейинчалик Германия, Италия ва Канадада ҳам шунга ўхшаш чоралар кўрилди. 2021 йилда эса Португалияда иш берувчи иш вақтидан ташқари ходимига қўнғироқ қилса ёки СМС хабар ёзса, жаримага тортилиши мумкинлиги белгиланди ва ходимини безовта қилиши тақиқланди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг 57,3 фоизи иш вақтидан ташқари қўшимча ишларга жалб қилингани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси