Мercedes ходимларига ишдан бўшаш эвазига 422 минг еврогача пул таклиф қилди
Олам
−
1743 2 дақиқа
Германиянинг Mercedes-Benz компанияси ишлаб чиқаришдан ташқари соҳаларда ишлайдиган 30 мингдан ортиқ ходимига ишдан ихтиёрий кетиш эвазига 422 минг еврогача товон пули таклиф қилмоқда. Энг юқори миқдордаги тўловни 2027 йилнинг март ойи охиригача қарор қабул қилган айрим ходимлар олиши мумкин. Бу ҳақда “Bild” хабар берди.
Қайд этилишича, янги компенсация дастури жорий йилнинг 1 декабрдан 2027 йилнинг 30 сентябригача давом этади. Бироқ 2027 йил март ойи охиригача ариза берган ходимларга қўшимча бонус – “Turbo” устамаси ҳам тўланади.
Компания таклифидан ишлаб чиқаришдан ташқари бўлимларда ишлайдиган мутахассислар, усталар, гуруҳ ва бўлим раҳбарлари, шунингдек, бу сафар илк бор юқори бўғин раҳбарлари ҳам фойдаланиши мумкин. Бунинг учун ходим 2026 йилнинг 1 декабрь ҳолатига кўра компанияда камида уч йилдан ортиқ ишлаган бўлиши керак.
Ҳисоб-китобларга кўра, 52 ёшли муҳандис “Turbo” бонуси билан 422 минг еврогача товон пули олиши мумкин. Қўшимча бонус ҳисобга олинмаганда, бу миқдор 340 минг еврогача етади. Маъмурий ходимларга эса 253 минг еврогача тўлов назарда тутилган.
Ходимлар Mercedes ички тизимидаги махсус калькулятор орқали қанча товон пули олишлари мумкинлигини олдиндан ҳисоблаб кўриши мумкин. Декабрь ойи бошидан уларга электрон почта орқали аниқ таклифлар юборилиши кутилмоқда.
Компания бундай дастурга иқтисодий вазиятнинг ёмонлашгани, хусусан, Хитойдаги савдо ҳажмининг пасайиши сабаб бўлганини билдирган. Бошқа ҳудудлардаги тушумлар бу пасайишни қоплай олмаяпти.
Германияда ходимлар бандлигини 2034 йилнинг охиригача кафолатловчи келишув амал қилаётгани сабабли Mercedes иш ўринларини одатий тартибда қисқартира олмайди. Шу боис компания ходимларни ихтиёрий равишда кетишга ундайдиган молиявий таклифлардан фойдаланмоқда.
Маълумот учун, Mercedes-Benz 2025 йилда ҳам шунга ўхшаш дастур орқали ходимларга жами 1,6 миллиард евро товон пули тўлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Microsoft компанияси харажатларни камайтириш ва сунъий интеллектга йўналтирилаётган катта инвестицияларни молиялаштириш мақсадида 60 мингга яқин ходимига ихтиёрий равишда ишдан кетиш таклифини бераётгани ҳақида хабар берилган эди.