“Аватар-2: сув йўли” даромади $400 миллиондан ошиб кетди

Маданият-санъат

image

Жорий йилнинг 16 декабрь куни премьераси бўлиб ўтган “Аватар: сув йўли” (“Аватар 2”) фильмининг даромади 400 миллион АҚШ долларидан ошди. Аммо бу аввалдан тахмин қилинган натижалардан пастроқ. Бу ҳақда “Variety” нашри хабар берди.

2009 йилда “Аватар” фильмини тақдим этган режиссёр Жеймс Кэмероннинг картинаси ортидан келган даромад 2,9 миллиард АҚШ долларига етди. Катта муваффақиятдан илҳомланган ижодкор 13 йил умрини “Аватар” фильмининг иккинчи қисми учун сарфлади ва фильмни томошабинлар эътиборига ҳавола этди. 16 декабрда бошланган намойишнинг дастлабки натижалари қониқарли бўлса-да оламшумул тахминлар ўзини оқламаяпти.

Кинофильмнинг Шимолий Америкадаги даромади 134 миллион АҚШ долларига етган, Жаҳон миқёсидаги намойишлардан эса 301 миллион доллар даромад бўлган, лекин бу кўрсаткич мутахассислар тахмин қилган оламшумул натижалардан пастроқ. Сабаби пандемия даврида тақдим этилган “Доктор Стрэндж” ва “Ўргимчак одам: уйга йўл” фильмларининг биринчи дам олиш кунида келтирган даромади “Аватар 2” га қараганда яхшироқ эди.

2019 йилда “20th Century Fox” кинокомпанияси “Disney” таркибига ўтиб, “20th Century Studios” номини олганидан кейин “Аватар 2” лойиҳаси ортидан келадиган улкан даромад ҳақидаги фикрлар “Disney” раҳбариятига ҳам тинчлик бермаяпти.

Қайд этилишича, фильм давомийлигини жуда узун экани (3,2 соат) томошабинлар уни кинотеатрларда қайта-қайта кўришига тўсқинлик қилади. Етмаганига ушбу фильм Украинада бўлаётган уруш билан боғлиқ тақиқлар сабаб Россияда намойиш этилмаяпти. Хитойдаги Covid-19 билан боғлиқ чекловлар ҳали тўлалигича олиб ташланмагани учун даромад 57 миллион долларни ташкил этган, бу ҳам кутилганидан кам.

Ушбу фильм 4 мингдан зиёд кинотеатрлардаги 12 000 дан ортиқ экранларда намойиш этиляпти. Мутахассисларнинг ўта ижобий  тахминлари ўзини оқламаётган бўлса-да, улар даромад 2 миллиарддан ошишига шубҳа қилмаяпти.

Маълумот ўрнида, “Аватар: сув йўли” фильмида биринчи фильмдаги роль ижро этган актёрлар жамоаси деярли тўлиқ таркибда сақлаб қолинган. Суратга олиш жараёнлари 2017 йилда бошланиб 2020 йилда якунланган. Ушбу фильм бюджети эса 350-400 миллион АҚШ долларига баҳоланган бўлиб, 2024 йилда “Аватар 3” филимининг премьераси ҳам кўзда тутилган.


Мақола муаллифи

Теглар

фильм кино Аватар Жеймс Кэмерон

Баҳолаганлар

249

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг