“Одиссея” фильми рекорд касса йиғди
Олам
−
18 июл 5312 2 дақиқа
Кристофер Ноланнинг “Одиссея” фильми премьера олдидан намойишлар давомида 17,6 миллион АҚШ доллари даромад тўплаб, 2026 йилнинг энг яхши натижасини қайд этди. Бу ҳақда “Variety” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Ноланнинг янги фильми олдиндан чипта савдоси бўйича аввалги рекордчи – “Ўйинчоқлар тарихи 5” анимацион фильмини ортда қолдирган. Ноланнинг 2023 йилда “Оскар” мукофотига сазовор бўлган “Оппенгеймер” фильми эса премьера олдидан 10,5 миллион АҚШ доллари ишлаган эди.
“Одиссея” фильми кеча, 17 июль куни кенг прокатга чиқди. “Variety” маълумотига кўра, картина илк прокат ҳафтаси якунида 90–100 миллион АҚШ доллари миқдорида касса йиғими қилиши кутилмоқда.
Агар ушбу прогноз тасдиқланса, “Одиссея” Кристофер Ноланнинг 2012 йилда чиққан ва илк прокат ҳафтасида 160 миллион АҚШ доллари даромад келтирган “Қора рицарь: Афсонанинг туғилиши” фильми ортидан режиссёрнинг иккинчи энг муваффақиятли дебютига айланади.
Маълумот учун, 2026 йилда энг катта очилиш касса йиғимини қайд этган фильмлар “Ўйинчоқлар тарихи 5” (159 миллион АҚШ доллари) ва “Супер Марио” (131 миллион АҚШ доллари) бўлиб турибди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ режиссёр Антуан Фукуанинг “Майкл” фильми жаҳон прокатида 977 миллион доллар тўплаб, Кристофер Ноланнинг “Оппенгеймер” фильмини (ушбу фильм 975 миллион доллар йиғган эди) ортда қолдирди ва тарихдаги энг кассабоп биографик фильмга айланганди.
Live
Барчаси