Атамбоевнинг адвокати мижозининг озод қилинишини сўрамоқда
Олам
−
30 Ноябрь 2020
4840Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоевнинг адвокатлари жазони ўтаётган жиноят иши қайта кўриб чиқишга юборилганлиги сабабли уни колониядан озод қилишни сўрмоқда. Бу ҳақда бугун, 30 ноябрь собиқ президентнинг ҳимоячиси Сергей Слесарев ТАССга маълум қилган.
30 ноябрь куни Қирғизистон Олий суди жиноий гуруҳ раҳбари Азиз Батукаевнинг ноқонуний равишда озод қилинганлиги тўғрисидаги иш бўйича иккита қуйи инстансия ҳукмларини бекор қилгани ва уни янги суд мажлисига Бишкек шаҳрининг Первомайский туман судига юборгани маълум бўлди. Атамбоев ушбу ишда айбланувчилардан бири бўлган ва 11 йил икки ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. У жазони 47-ахлоқ тузатиш муассасасида ўтамоқда.
“Эртага адвокатлар Атамбоевни 47-ахлоқ тузатиш муассасасидан озод қилиш масаласини кўтаришни бошлайдилар. Агар иш қайта экспертизага юборилган бўлса, унда қонунчиликка мувофиқ мижозим колониядан озод қилиниши керак”, дейди Слесарев.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 июнь куни Бишкекнинг Первомай тумани суди Атамбоевга 11 йил қамоқ жазоси тайинлади. У собиқ жиноий авторитет Азиз Батукаевнинг қамоқдан чиқариб юборилиши ва коррупцияда айбланганди.
Аммо Қирғизистонда жорий йилнинг 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловидан кейин бошланган тартибсизликлар вақтида намойишчилар Атамбоевни қамоқхонадан озод қилди. Кейинроқ Алмазбек Атамбоевнинг эҳтиёт чораси қамоқдан уй қамоғига ўзгартирилди.
Бироқ орадан кўп ўтмай, 10 октябрь куни Атамбоев Бишкекда намойишлар уюштиришда айбланиб, яна ҳибсга олинди. Сўнгги бор у ҳибсхонадан адвокати орқали баёнот берганди.
LiveБарчаси