Атамбоев судга келишдан бош тортди 

Олам 4487
image

Қирғизистоннинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоев 2020 йил октябрь ойидаги тартибсизликлар бўйича Первомайский туман судида ўтказилган дастлабки эшитувлар ўз иштирокисиз ўтказилишини сўраб, судга мурожаат қилган. Бу ҳақда унинг адвокати Сергей Слесарев маълум қилди.  

Адвокатнинг сўзларига кўра, собиқ Президент ўз илтимосини соғлиғининг ёмонлиги билан изоҳлаган. Сўнг Суд айбланувчининг илтимосини қаноатлантириб, дастлабки эшитувлар усиз ўтказилишини расман билдирган. 

“Қонун дастлабки эшитувларни айбланувчисиз ўтказишга рухсат беради. Суд мажлиси давомида баъзи адвокатлар иш материаллари билан танишмагани маълум бўлди. 2020 йил октябрь воқеалари учун айбланувчиларга улар қилмаган айбловлар қўйилди. 5-6 октябрь кунлари Алмазбек Атамбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторида бўлган. Файлда махсус хизмат раҳбарияти собиқ Президентдан бўлим биносини тарк этишни сўраганини кўрсатадиган ҳужжат бор. У ташқарига чиққан, ноқонуний озодлик бўлмаган. 9 октябрь куни тинч митинг бўлиб, ҳокимиятни қўлга олиш учун ҳеч қандай шиор ва чақириқлар бўлмаган. Номаълум одамлар тош отишни бошлаган, улар жавобгарликка тортилмаган”, деган Сергей Слесарев. 

Аввалроқ, ҳозирда қамоқда бўлган Атамбоев яқинлашиб келаётган парламент сайловларида иштирок этиш таклифини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берган эдик.  

Маълумот ўрнида, Қирғизистон пойтахтининг марказий майдонида ўтган йилнинг 5-6 октябрь, шунингдек 9 октябр кунларида турли сиёсий кучлар тарафдорлари ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтди. Натижада ғалабани амалдаги Президент Садир Жапаров тарафдорлари қўлга киритиб, рақибларни майдонни тарк этишга мажбур қилишди. Тўқнашувлар чоғида номаълум шахс Атамбоев бўлган машинага тўппончадан бир неча бор ўқ узган, бироқ собиқ давлат раҳбари жароҳат олмаган. Жиноятчи ҳали топилмаган. 

Қирғизистонни 2011 йилдан 2017 йилгача бошқарган Атамбоев биринчи марта 2019 йилнинг августида ҳибсга олинган. Кейинчалик унга бир нечта айбловлар қўйилди, жумладан ерларни тақсимлашда коррупция, оммавий тартибсизликлар уюштириш, қотилликка уриниш ва ҳоказо. У бир неча ой олдин соғлиғи ёмонлашгани сабабли, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторидан тиббий шифохонага эга бўлган 47-сонли ахлоқ тузатиш колониясига кўчирилган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 97
Рейтинг: 3
t
×