Қамоқдаги Атамбоев парламент сайловларида иштирок этишни режалаштирмоқда 

Олам

image

Ҳозирда қамоқда бўлган Қирғизистоннинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоев яқинлашиб келаётган парламент сайловларида иштирок этиш таклифини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда унинг ўзи маълум қилган.  

Қайд этилишича, собиқ Президент бу ҳақда Қўй-Тош воқеалари иши бўйича суд жараёнидан сўнг гапирган. 

“Менга мандат керак эмас. Лекин мендан рўйхатда биринчи бўлишимни сўрашяпти. Мен бу ҳақда ўйлаяпман. Агар мен иштирок этсам ҳам, бу фақат рамзий маънога эга бўлади”, деган Атамбоев. 

Марказий сайлов комиссияси аъзоси Абдижапар Бекматов Атамбоевнинг баёнотига изоҳ берар экан, “у Атамбоевнинг жиноий иши ҳақида маълумотга эга эмаслигини, лекин қонунга кўра, суд ҳукми чиқарилган шахснинг сайловда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлмаслигини” айтган. 

Маълумот ўрнида, Қирғизистон пойтахтининг марказий майдонида ўтган йилнинг 5-6 октябрь, шунингдек 9 октябрида турли сиёсий кучлар тарафдорлари ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтди. Натижада ғалабани амалдаги Президент Садир Жапаров тарафдорлари қўлга киритиб, рақибларни майдонни тарк этишга мажбур қилишди. Тўқнашувлар чоғида номаълум шахс Атамбоев бўлган машинага тўппончадан бир неча бор ўқ узган, бироқ собиқ давлат раҳбари жароҳат олмаган. Жиноятчи ҳали топилмаган. 

Қирғизистонни 2011 йилдан 2017 йилгача бошқарган Атамбоев биринчи марта 2019 йилнинг августида ҳибсга олинган. Кейинчалик унга бир нечта айбловлар қўйилди, жумладан ерларни тақсимлашда коррупция, оммавий тартибсизликлар уюштириш, қотилликка уриниш ва ҳоказо. У бир неча ой олдин соғлиғи ёмонлашгани сабабли, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторидан тиббий шифохонага эга бўлган 47-сонли ахлоқ тузатиш колониясига кўчирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

сайлов Атамбоев

Баҳолаганлар

92

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг