Атамбоев ҳибсхонада очлик эълон қилди
Олам
−
26 Октябрь 2020
10335Қирғизистоннинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоев бошқа ҳибсхонага кўчирилгани учун очлик эълон қилди. Бу ҳақда сиёсатчининг адвокати Сергей Слесаров маълум қилди.
Атамбоевни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳибсхонасидан Бишкекдаги 1-сонли тергов ҳибсхонасига кўчиришди.
МХДҚ тергов изолятори Қирғизистон махсус хизмати биносида жойлашган. Одатда у ерга коорупцияда айбланаётган юқори мартабали амалдорлар ёки давлат хафсизлигига таҳдид солувчи экстремист, террорчи ва хорижий қотиллар жойлаштирилади.
1-сонли тергов изоляторига пойтахт ва Чу вилоятида ҳар қандай жиноят содир этишда гумонланаётганлар жойлаштирилади.
Аввалроқ, Алмазбек Атамбоев ҳамда парламент собиқ депутати ва Бош вазир Асқарбек Шодиевга қарши коррупция, жиноий даромадларни ўзлаштириш ва ноқонуний бойлик орттириш бўйича жиноий иш судга юборилгани ҳақида хабар бергандик.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 июнь куни Бишкекнинг Первомай тумани суди Атамбоевга 11 йил қамоқ жазоси тайинлади. У собиқ жиноий авторитет Азиз Батукаевнинг қамоқдан чиқариб юборилиши ва коррупцияда айбланганди.
Аммо Қирғизистонда жорий йилнинг 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловидан кейин бошланган тартибсизликлар вақтида намойишчилар Атамбоевни қамоқхонадан озод қилди. Кейинроқ Алмазбек Атамбоевнинг эҳтиёт чораси қамоқдан уй қамоғига ўзгартирилди.
Бироқ орадан кўп ўтмай, 10 октябрь куни Атамбоев Бишкекда намойишлар уюштиришда айбланиб, яна ҳибсга олинди. Сўнгги бор у ҳибсхонадан адвокати орқали баёнот берганди.
LiveБарчаси