Асл муаммо қолиб блогерга ёпишган солиқчилар. Алламжонов ДСҚга талаб билан чиқди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникация агентлиги директори Комил Алламжонов ўзининг твиттердаги саҳифасида блогер Азиз Ашурбаев билан боғлиқ ҳолат бўйича Давлат солиқ қўмитасига мурожаат қилди. Унда блогер билан боғлиқ ҳолат ўрганиб чиқилиб, инспекторнинг хатти-ҳаракати қонунга зидлиги аниқланса унга нисбатан чора кўрилишини талаб қилган.

“Солиқ идораси ходимлари блогер Азиз Ашурбаевнинг телефони ва унинг Instagram тармоғидаги саҳифаси олиб қўйгани ҳақида маълумот келиб тушди. Давлат солиқ қўмитасидан ушбу ҳолатни ўрганиб, агарда инспекторнинг хатти-ҳаракати қонунга зид бўлса, чора кўрилиши талаб қилинади.

Солиқчиларимиз блогерларни солиққа тортиш ёки уларга қарши юқоридагидек зўравонлик қилишдан аввал тизимдаги коррупцияни йўқотиш, хуфиёна иқтисодиётга қарши курашиш каби энг долзарб муаммоларни ҳал этсалар, жамиятга ва иқтисодиётга кўпроқ фойда келтирган бўлар эдилар.

Шуни алоҳида таъкидлашни истар эдимки, юртимиздаги барча журналист ва блогерлар Агентлигимиз ҳимояси остида. Уларга нисбатан ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатга қарши туришга тайёрмиз!”, дея ёзиб қолдирган Алламжонов саҳифасида.

Комил Алламжоновнинг твитларидан бироз аввалроқ Давлат солиқ қўмитаси ижтимоий тармоқларда тарқалган, блогерлик фаолияти билан боғлиқ хабарларда кўтарилган масалалар ўрганиш ўтказилаётганини маълум қилганди.

Унда текширувлар натижаси юзасидан батафсил расмий маълумот берилиши маълум қилиниши таъкидлаганди.

Кеча, 12 июнь куни ижтимоий тармоқларда “Блогерни тунаган қароқчилар” сарлавҳаси остида пост қолдирилганди. Унда Instagram`да 300 минглик аудияторияси бор саҳифасига эга блогер Азиз Ашурбаев 8 июнь куни каналида реклама жойлаштириш бўйича учрашувга бориб, реклама учун 400 минг сўмни олган вақтида бегона шахсар етиб келишгани, улар ўзларини солиқчилар сифатида таништириб, телефонини олиб қўйишгани, Instagram`даги саҳифасининг паролларини ўзгартириб, саҳифасига эга чиқишгани, ижтимоий тармоқдаги бошқа саҳифаларидаги ёзишмаларини ҳам кузатишаётганидан шикоят қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Комил Алламжонов блогер

Баҳолаганлар

56

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг