Артиллерия ҳужумлари натижасида 16 нафар тинч аҳоли қурбон бўлди – Баку

Олам

image

Жорий йилнинг 27 сентябридан буён Тоғли Қорабоғ можароли зонасида бошланган қуролли тўқнашувлар оқибатида 16 нафар озарбайжонлик қурбон бўлди, 55 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Озарбайжон Республикаси Бош прокуратураси хабар бермоқда. 

"Арманистон қуролли кучлари томонидан артиллерия ҳужумлари натижасида Озарбайжон аҳолиси зич жойлашган ҳудудларда 16 нафар тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди ва 55 киши яраланди", дейилади Бош прокуратура Матбуот хизмати хабарида. 

Прокуратура хабарига кўра, 163 та турар-жой бинолари ва 36 та фуқаролик объектларига жиддий зарар етказилган. 

"Ҳозир прокуратура жанговар шароитларда барча мумкин бўлган тергов ва тезкор тадбирларни олиб бормоқда", дейилади хабарда. 

Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари кеча, 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди. Унда мингга яқин ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.

Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.

Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.

Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди.  Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон-Арманистон Қорабоғ тўқнашуви

Баҳолаганлар

72

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг