Artemis II астронавтлари Тинч океанига қўнди (видео)

Олам

image

NASA’нинг Artemis II миссияси муваффақиятли якунланди. Orion космик кемаси тўрт нафар астронавт билан Ой атрофини айланиб чиқиб, Ерга қайтди ва Калифорния яқинидаги Тинч океанига қўнди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Бу инсониятнинг 1972 йилда якунланган Apollo лойиҳасидан буён Ойга амалга оширган илк пилотли парвози бўлди. Капсула Ер атмосферасига тахминан 40 минг км/соат тезликда кириб келган ва бутун тушиш жараёни қарийб 13 дақиқа давом этган.

Атмосферага киришдан олдин хизмат модули ажратилган, капсула иссиқлик қалқони олдинга қаратилган ҳолда тўғри ҳолатга келтирилган ва аниқ бурчакда кириш учун якуний маневр бажарилган. Шу босқич жуда муҳим бўлиб, нотўғри бурчак кеманинг куйиб кетиши ёки қайта космосга чиқиб кетишига олиб келиши мумкин эди. Атмосферанинг зич қатламларидан ўтаётганда капсула атрофида плазма ҳосил бўлган ва шу сабабли тахминан олти дақиқа давомида Ер билан алоқа узилган, бу ҳолат аввал ҳам Apollo 8 каби миссияларда кузатилган.

Иссиқлик қалқони 2700 даражадан юқори ҳароратга бардош беришга мўлжалланган бўлиб, кема айнан шу орқали ҳимояланган. Тезликни камайтириш учун аввал иккита кичик парашют очилиб тезлик тахминан 500 км/соатгача туширилган, сўнг учта катта асосий парашют очилиб тезлик 30 км/соатгача камайтирилган ва капсула сувга қўнган. Қўнишдан кейин капсула автоматик тарзда барқарор ҳолатга келтирилган, қутқарув кучлари етиб келиб астронавтларни навбат билан чиқариб олган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 апрель куни Artemis II миссияси Orion космик кемасида экипаждаги тўрт нафар астронавт билан Ер юзидан тахминан 406-407 минг километр узоқ масофага парвозни амалга оширганди. Шу тариқа Аppolo 13 миссияси томонидан ўрнатилган 1970 йилдаги рекорд янгиланган. Янги миссия аввалгисидан тахминан 4-6 минг километр узоқроқ масофани босиб ўтган.

Миссиянинг аввалгисидан асосий фарқи шундаки, космик кема Ойга қўнмасдан, унинг Ерга кўринмайдиган қисмини суратга олиши ва айланиб ўтиши керак эди. NASA’га кўра, парвоз кутилганидан ҳам муваффақиятлироқ тарзда амалга оширилган. 

Хусусан, Artemis II миссияси астронавтлари Ойнинг орқа томонидан Ерга қаралганда сайёранинг ботиши қандай кўриниши акс этган фотосуратларни ҳам эълон қилган эди.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Тинч океани NASA Artemis II

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг