Арманистон яна Озарбайжонни ўққа тутди
Олам
−
14 Март 2023 3259 2 дақиқа
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги бугун, 14 март куни республика Қуролли кучларининг Арманистон билан чегараси ва Қорабоғдаги позициялари ўққа тутилгани ҳақида хабар берди.
“13 март оқшомидан 14 март эрталабгача Озарбайжон армиясининг позициялари 19 марта узилишлар билан ўққа тутилди”, дейилади хабарда.
Вазирлик маълумотларига кўра, Арманистон Қуролли кучлари бўлинмалари Калбажар вилоятининг Истису ва Маллабайрамли, Лочин вилоятининг Жагазур, Дашкесан вилоятининг Астаф ва Тезекенд аҳоли пунктлари йўналишида Озарбайжон армиясининг позицияларини турли калибрли ўқотар қуроллардан ўққа тутган.
“Бундан ташқари, Россия тинчликпарвар контингенти вақтинча жойлаштирилган Озарбайжон ҳудудидаги ноқонуний арман қуролли тузилмалари аъзолари Озарбайжон армиясининг Хўжайли вилояти йўналишидаги позицияларини ўққа тутди”, дейилади хабарда.
Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Озарбайжон армияси бўлинмалари “адекват жавоб чораларини кўрган”.
Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон Мудофаа вазирлиги жорий йилнинг 5 март куни эрталаб Озарбайжон армияси бўлинмалари ҳарбий юкларни ноқонуний етказиб бераётган арман автомобилини текшириш учун тўхтатмоқчи бўлганини маълум қилди. Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, автомобиль йўловчилари Озарбайжон ҳарбийларига қарата ўт очган. Отишма оқибатида Озарбайжон Қуролли кучларининг икки нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди. Арманистон томони уч киши ҳалок бўлганини маълум қилди.
Озарбайжон айни вақтда Арманистонни Қорабоғга қурол-яроғ, миналар ва ўқ-дорилар тўплаётганликда айбламоқда.
Ўз навбатида Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот бериб, Озарбайжоннинг янги тажовузни бошлашига йўл қўймаслик ва Тоғли Қорабоғга Арманистон қуролли кучлари жойлаштирилгани ҳақидаги Озарбайжон маълумотларини текшириш учун халқаро фактларни ўрганиш миссиясини юборишга чақирганди. Шунингдек, Озарбайжон халқни бўйсундириш учун Тоғли Қорабоғни этник тозалаш ва геноцидга дучор қилишга тайёрланаётганини қайд этди. Расмий Баку эса бу даъволарини бемаънилик деб атади.
Live
Барчаси