“Арқадағ”нинг туғилган кунида Озодбек Назарбеков ҳам қатнашиб, унга атаб қўшиқ куйлади (видео)
Маданият-санъат
−
01 Июль 2020
25503Жорий йилнинг 29 июнь куни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 63 ёшни қаршилагани ҳақида хабар берган эдик.
Шу муносабат билан пойтахт Ашхободдаги “Арқадағ” боғида байрам концерти ташкиллаштирилди. Унда теле-кўприк орқали Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Туркманистонда хизмат кўрсатган артист Озодбек Назарбеков ҳам қатнашди.
Назарбеков теле-кўприк орқали пойтахт Тошкентда жойлашган “Tashkent city”даги боғдан алоқага чиқди. У “Арқадағ”ни қутларкан, шундай дейди:
“Муҳтарам Гурбангули Мяликгулиевич! Хонимлар ва жаноблар, азиз қардошлар! Албатта, сўнгги йилларда икки халқнинг дўстлиги йўлида олиб бораётган барча саъй-ҳаракатларингиз , ўйлайманки, бугун мана шу икки халқни янада жипслаштирди, янада мустаҳкам бўлишига сабаб бўлди. Мана шу улуғ кунларда, мана шу байрам кунида мен ҳам сизни табриклаб иштирок этаётганимдан жуда хурсандман. Ҳозир бу даврада жуда кўп санъаткор дўстларимни кўряпман, устозларимни кўряпман. Устоз айримжиларни кўряпман. Жуда ҳам хурсанд бўлдим.
Мени озгина қилган меҳнатимни юксак муфокот билан тақдирлаганингиз учун бутун Ўзбекистон санъаткорлари номидан чин қалбимдан миннатдорчилик билдираман. Ўйлайманки, бу мукофот нафақат меники, балки бутун Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча санъаткорлар учун деб қабул қиламан. Бу мукофот мен учун масъулият юклайди. Кучимиз борича, ғайратимиз борича ўзбек халқига, туркман халқига ситқидилдан, чин қалбдан хизмат қилишга ҳамиша тайёрман.
Туркман халқини жуда яхши кўраман. Доим концертларимда, Туркманистонда – Ашхободда, Авазада бўлган концертларимда туркман халқи мени ҳеч қачон ёлғиз қолдирмаган. Доим қўллаб-қувватлаган, залларни тўлдириб... Туркманистонга борганимда мен доим худди Ўзбекистонда, ўз юртимда хизмат қилаётгандек мухлислар қуршовида бўламан. Бу мени жуда қувонтиради. Бундан кейин ҳам кучим борича, ғайратим борича туркман халқига хизмат қилишга ҳамиша тайёрман. Кичкинагина, камтарона меҳнатимни қадрлаб, бундай юксак мукофотга лойиқ кўрганингиз учун сизга чин қалбимдан миннатдорчилик билдираман. Катта раҳмат”, дейди Назарбеков.
Вазир нутқи сўнггига қадар қўлини ўнг кўксида сақлайди. У табрик сўзини якунлаб, “Арқадағ”дан туркманистонлик хонанда Дилбар Раҳмонова билан тайёрлаган мусиқий совғасини куйлашни сўрайди. Тадбирда Назарбеков ва Раҳмонова ижросидаги “Баригал” қўшиғи фонограммаси қўйилади. Хонанда Дилбар Раҳмонова концерт саҳнасида қўшиқни туркман тилида куйлайди, ўз навбатида Назарбеков фонограмма ортида саҳна марказига ўрнатилган мониторда овоз қимирлатиб туради.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 июнь куни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Озодбек Назарбековни Туркманистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирлаш тўғрисидаги фармонга имзо чекканди.