Дунёни сув босса, ўрдакка не ғам. “Арқадағ” 63 ёшини шоҳона нишонлади

Олам

image

Кеча, 29 июнь куни Туркманистонда мамлакат Президенти Гурбунгули Бердимуҳамедвонинг 63 ёшга тўлгани нишонланди. “Арқадағ” пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) ёшига тўлиши, бу санани туркман халқи билан биргаликда нишонлаш анъанага айлангани сабабли Россия Президенти Владимир Путиннинг Москвадаги Ғалаба парадида иштирок этиш таклифини рад қилганди.

Бутун дунёда коронавирус пандемияси авж олаётган бир вазиятда Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таваллуд куни байрамона ибодат, концерт дастурлари, “Арқадағ”нинг китоблари асосида ишланган театр томошалари ва албатта, давлат раҳбарининг ўз мусиқалари намойиши билан нишонланди. Туғилган кун муносабати билан оқ қўй қурбонликка сўйилди.

Асосий байрам тадбири Мари шаҳридаги “Гурбангули хожи” масжидида бўлиб ўтди. Бердимуҳамедов даврида қурилган ушбу масжидда байрам маросими ва хайрия дастурхони ташкиллаштирилди.

Давлат телевидениеси байрамона ибодатда иштирок этган ҳукумат амалдорлари, парламент аъзолари, диний муассасалар вакиллари ва оқсоқолларни кўрсатди.

Муфтийнинг дуосида Президентга соғлик ҳамда унга бўладиган ҳужумлардан халос бўлиш тилаклари янгради. Аммо тадбирда Бердимуҳамедовнинг ўзи иштирок этгани ҳақида хабар берилмаган.

Президентнинг туғилган куни муносабати билан тадбирлар бутун республика бўйлаб ўтказилди.

Шунингдек, Мари вилоятининг маъмурий марказида парламент раҳбарлари, вазирлик ва турли идоралар вакиллари “жамики ватандошлар номидан” Президентга табрик йўллади.

Пойтахтдаги “Арқадағ” боғида байрам концерти ташкиллаштирилди, Махтумқули номидаги Туркманистон миллий мусиқали-драма театрида Бердимуҳамедовнинг “Туркманистон Буюк Ипак йўлининг юраги” номли китоби асосида ишланган “Бинят” спектакли намойиш қилинди.

Албатта, “Арқадағ”нинг таваллуд куни хорижий давлат раҳбарларининг табрикларисиз бўлмади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Бердимуҳамедовни табриклади.

Туғилган кун олдидан мамлакатдаги барча вилоятларда тайёргарлик тадбирлари ўтказилди. Ким қаерда туриши, нима қилиши тушунтирилди.

Эслатиб ўтамиз, Туркманистон расмийлари мамлакатда коронавирус инфекцияси аниқланмаганини такрорлаб келяпти. Яқинда Ашхободдаги шифохонанинг 6 ходими коронавирусга чалингани ҳақида хабар тарқалди. Аммо бу бўйича расмий изоҳ берилмади.


Мақола муаллифи

Теглар

Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон

Баҳолаганлар

920

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made