“Арқадағ”нинг АҚШга омадсиз сафари ортидан дипломатлар ишдан ҳайдалди
Олам
−
16:00 12627 2 дақиқа
Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг жорий йил 16 февралдаги АҚШга ташрифидан сўнг мамлакатнинг қатор дипломатлари лавозимидан бўшатилди. Бу ҳақда “Хроника Туркменистана” хабар берди.
Манбаларга кўра, Бердимуҳамедов “Тинчлик кенгаши”нинг биринчи йиғилишида иштирок этишни режалаштирган. Бироқ Туркманистон бу кенгашга ҳам, унинг йиғилишига ҳам таклиф этилмаган.
Кенгашга кириш учун 1 млрд АҚШ доллари миқдорида маблағ киритиш ёки шу қийматда АҚШ компанияларидан товар ёки хизматлар сотиб олиш талаб қилинган. Туркманистон эса АҚШ компанияларига икки дона гольф майдони қуришни таклиф этган. Бундай майдоннинг максимал нархи тахминан 25 млн АҚШ долларини ташкил этади.
Асосий умид туркман дипломатлари жойида АҚШ томонига бир қатор сиёсий масалаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни таклиф қилишида бўлган. Бироқ дипломатик ҳаракатлар кутилган натижани бермаган ва Бердимуҳамедовнинг “Тинчлик кенгаши” йиғилишида иштирокини таъминлашга муваффақ бўлинмаган. Шу боис у 16-18 февраль кунлари АҚШда бўлиб, натижасиз ортга қайтган.
Маълум бўлишича, у Флорида штатида бўлган, аммо ТИВ унинг аниқ жойлашувини яширган. Расмий хабарда фақат дўстона давлатнинг халқаро аэропортида илиқ кутиб олингани ва ташрифни якунлаб, шу ердан ортга жўнаб кетгани қайд этилган.
Мазкур воқеалар фонида жорий йилнинг 6 март куни Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов АҚШдаги элчи Марат Ўрозов ва БМТдаги доимий вакил Оқсултон Отаевани лавозимидан озод этиш ҳақида фармон имзолаган. Ўрозов 25 йил, Отаева эса 32 йил давомида бу лавозимларда ишлаган ва шу вақтгача уларга нисбатан жиддий эътирозлар билдирилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу сафар давомида Гурбангули Бердимуҳамедов самолётининг горизонтал стабилизатори шикастлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси